Тошкентнинг Юнусобод туман прокуратураси пойтахт ҳайвонот боғида фарзандини айиқ вольерига ташлаб юборган аёлга нисбатан терговни якунлаб, жиноят ишини унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласини ҳал этиш учун ЖИБ Тошкент шаҳар судига юборди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар берди.
Судга оид психиатрия ва психология комплекс экспертизалари хулосаларига кўра, «аёл умрбод руҳий хасталик билан бетобланиб келгани», руҳий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, у тергов ва судда тўғри кўрсатмалар бериш қобилиятига эга эмаслиги кўрсатилган, дейилади хабарда.
Жиноят кодексининг 91-моддасига мувофиқ, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан жазолаш билан бир қаторда, даволаш ва жазолаш мақсадига эришишга кўмаклашувчи шароитлар яратиш учун суд томонидан тайинланиши мумкин.
93-моддада эса тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари жумласига яшаш жойи бўйича руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман ёки шаҳар психиатрининг хонасида) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш, яшаш жойи бўйича умумий тартибли психиатрия муассасасининг умумий кузатиладиган бўлимида мажбурий даволаниш, умумий тартибли психиатрия муассасасининг махсус реабилитация бўлимида мажбурий даволаниш, кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш, жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ҳамда маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш кириши қайд этилган.
Қонунчиликка кўра, ақли норасо ҳолатда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланганда, жиноят иши жиноят белгилари таркибига кирувчи элемент — субъект йўқлиги туфайли тугатилади. Шу билан бирга, шахс тузалгандан сўнг жиноят ишини юритиш, агар жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетмаган ёки шахсни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш учун бошқа асослар юзага келмаган бўлса, қайта тикланади ва шахс умумий асосларда жиноий жавобгарликка ёки жазога тортилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни (1991 йилда туғилган) аёл ўзининг 3 ёшли қизчасини боғ меҳмонлари кўз ўнгида тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборган эди. Зузу лақабли Кавказ айиғи қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Ўшанда боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишга муваффақ бўлишганди.
Тошкент ҳайвонот боғида айиқ вольерига онаси ташлаб юборган қизалоқда очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши аниқланиб, ССВ унинг аҳволи яхшилиги ва шифокорлар назоратида эканлигини маълум қилди. Ўшанда прокуратура томонидан аёлга нисбатан ЖКнинг 25-моддаси орқали 97-моддаси 2-қисми «в» банди (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда, яъни айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши очилди.
Шунингдек, уни ташлаб юборган аёл психоневрологик диспансер рўйхатида тургани, оилада босимга учрагани ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлгани хабар берилганди. Февраль ойи охирларида қизалоқнинг аҳволи яхшилангани боис шифохонадан уйига жавоб берилди. У ҳозирча бувисининг қарамоғида бўлади.