Спортчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошида Атлетлар комиссияси тузилди, деб хабар берди МОҚ матбуот хизмати.

Спортчилар комиссияси сайланган орган бўлиб, спортчилар ва МОҚ ўртасида алоқа ўрнатувчи вазифасини бажаради, дейилади баёнотда. Спортчилар мамлакат олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича ўзлари қарор қабул қилади ва спортчиларнинг нуқтаи назари устуворлигини таъминлайди.

Аноним овоз бериш натижаларига кўра, комиссия таркибига Оксана Чусовитина (бадиий гимнастика), Ришод Собиров (дзюдо), Дмитрий Шокин (таэквондо), Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш), Зайнаб Даиибекова (қиличбозлик), Светлана Радзивил (енгил атлетика) ва Комилжон Тўхтаев (чанғи учиш) киритилган.

Комиссия аъзолари ўзаро келишув асосида таркибни аниқлаб бўлгач, раҳбар ва унинг ўринбосарларини сайлади. Комиссия раҳбари Дмитрий Шокин, Оксана Чусовитина ва Бекзод Абдураҳмонов унинг ўринбосарлари бўлди.

Комиссия таркибига сайланган спортчилар МОҚ умумий йиғилиши ва ижроия қўмитаси ишида қатнашиш ҳуқуқига эга. МОҚ Ижроия қўмитаси йиғилишларида комиссия аъзоси Зайнаб Даиибекова, Бош Ассамблеяда эса Светлана Радзивил ва Комилжон Тўхтаев иштирок этади.

«Комиссия фаолиятини сифатли ва самарали амалга ошириш учун бизни катта масъулиятли ишлар кутмоқда. Спортчилар комиссияси вакили лавозими Олимпия ҳаракатининг барча даражадаги ҳар бир қарорида спортчиларнинг фикрлари ва манфаатларини ифодалаш учун ҳам зарурдир. Бирлашган саъй-ҳаракатлар билан мавжуд қийинчиликларни енгиб, олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларга эришамиз, деб ишонамиз», — деди МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов.