Давлат хавфсизлик хизмати Тошкентнинг бир қатор туманлари ҳамда водий вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситалари айланмаларига чек қўйди.

Жумладан, Фарғона вилоятида яшовчи 1978 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Nexia русумли автомашина Тошкент вилоятининг «Чинор» йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомобилда 1196 дона «трапикамид», 5544 дона «регапен» ва 56 дона «лирика» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур дори воситаларини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 йилда туғилган шахс қўлга олинди. Бундан ташқари, Қирғизистондан олиб ўтилган ушбу дори воситаларини пойтахтга бериб юборган Наманган вилоятида яшовчи 1982 йилда туғилган шахс ҳам Андижон вилояти ҳудудида ушланиб, унинг Nexia русумли автомашинасида бўлган 1002 дона «трапикамид» дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Бошқа бир тезкор тадбирда эса пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ҳаракатланаётган Наманган шаҳрида яшовчи 1975 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганида, унинг юкхонасида бўлган 495 дона «тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, ушбу дори воситаларининг эгаси, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи 1992 йилда туғилган шахс ҳам қўлга олинди.

Учтепа туманида яшовчи 1994 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Cobalt автомобилидан эса 1680 дона «регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси тегишли тартибда олиб қўйилди, дейилади лавҳада.

ДХХ ходимлари Тошкент ИИББ ва Божхона бошқармаси билан ҳамкорлик олиб борган яна бир тезкор тадбирда Наманган вилоятида яшовчи 1987 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Nexia-3 автомобили пойтахтнинг Шайҳонтоҳур тумани ҳудудида тўхтатилганида, унда 198 дона «тропикамид» борлигини аниқланди.

Шунингдек, уларни сотиб олмоқчи бўлган, Шайҳонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 1965 йилда туғилган шахснинг яшаш хонадонидан ҳам 50 дона «трапикамид» ва 56 дона «регапен» топилди.

Пойтахтнинг Юнусобод туманида аниқланган ҳолатда эса марихуана гиёҳвандлик моддаси ва «мефидрон» синтетик моддаси тайёловчи яширин лаборатория фаолияти фош қилинди. Ушбу нарколабораторияни ташкил этган 1991 ва 1993 йилларда туғилган икки фуқаро қўлга олинди.

Улар наркотик моддаларни «Телеграм»даги махсус гуруҳлар орқали сотиш билан шуғулланишгани маълум қилинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.