Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ЙПХ ходимлари учун «Энг яхши йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими» танловини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у шанба куни ЙПҲ ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳомийлар томонидан 3 та машина тақдим этилган. «Конкурс қилсакда, унинг учун ҳайдовчиларимиз овоз берсин. Энг яхши йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимига ҳомийлар томонидан машина берилган», — деди ҳоким.
Унга кўра:
1-ўрин — Lacetti;
2-ўрин — Nexia;
3-ўрин — Spark тақдим этилади;
Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу танловни ҳар йили ўтказишни, жумладан, жорий йилда Мустақиллик куни байрами арафасида ўтказишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, йиғилишда пойтахт ҳокими шаҳардаги ЙПХ ходимлари фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди.
«Кўчага чиққанда ҳамма ҳайдовчида қандайдир муаммо бўлади. Агар сизлар уларни тўхтатиб, битта оғир гап гапирсаларингиз, у ёниб кетади. Шунинг учун иложи борича одамларни тўхтатганларингизда хушмуомала бўлиб, пойтахт ЙПҲсига ярашадиган ҳолатда муомала қилсангиз, мен албатта биламанки, бу фуқаролардан ёмонлик бўлмайди», — деди у.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳардаги 900 нафар ЙПХ ходимини ҳар ой қабул қилиб, уларнинг муаммоларига ёрдам беришини айтди. Бунинг эвазига эса одамлар билан хушмуомала муносабатда бўлишни сўради.