Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида машиналар ЙТҲга учраши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди.

Жиззах вилояти ФВБ хабар беришича, 17 апрель куни соат 19:09 ларда Зафаробод тумани ҳудудида Nexia-2 автомобили ёниб кетди.

Аниқланишича, Зафаробод-Пахтакор йўналишида ҳаракатланаётган Nexia-2 машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги Nexia-3 машинаси билан тўқнашган.

Бунинг оқибатида машинада ёнғин келиб чиққан ва бир нафар фуқаро вафот этган, яна уч нафар фуқаро турли тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲҲХ.

Сурхондарё вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. 14 апрель куни Ангор-Жарқўрғон йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia-3 автомобили ҳайдовчиси йўлда бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги Nexia-3`га урилди.

Бунинг оқибатида машина ичидаги 23 ёшли эркак ва аёл, қолаверса, ҳайдовчи оғир тан жароҳати олиб, ўша ерда вафот этган.

Суриштирув вақтида ҳар икки автомобиль эгасининг ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 3 йил бўлгани аниқланди.

Сурхондарё вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ ТНБ бўлими бошлиғи Зафар Қурбонов йўлнинг қатнов қисми равонлиги ва йўл чизиқлари чизилганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ЙТҲга ҳайдовчининг малакасизлиги, шошқалоқлиги сабаб бўлган.