«Айрим ҳоким ёрдамчилари таъмагирлик қилаётгани жуда ачинарли ҳолат» — Шавкат Мирзиёев

Президент Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси пора олгани учун 5 йилга қамалганини маълум қилди. «Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари „кредит, субсидия, ер олиб бераман“, деб таъмагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолат», — деди Шавкат Мирзиёев. Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари қатъий огоҳлантирилди.

Президент Жаҳонгир Ортиқхўжаевни қатъий огоҳлантирди

Шавкат Мирзиёев маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолияти ва аҳоли бандлигини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликларни танқид қилди. Президент Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, унинг биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғини қатъий огоҳлантирди. Олтинкўл тумани ва Зарафшон шаҳри ҳокимлари, қолаверса, республикадан 11 нафар вакил лавозимидан озод қилинди.

«Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ўзининг ўринбосарлари фаолиятини танқид қилди. Унинг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ашуров ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар тайинланди

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Алишер Қодиров вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Янги ташкил этилган Кўкдала туманига илк ҳоким тайинланди

Қашқадарё вилоятида янги ташкил этилган Кўкдала туманига Чироқчи тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Хуррам Жўраев тайинланди. Чироқчи туманига эса Нодир Эркаев ҳокимлик қилади.

Йил якунига қадар маҳаллаларда бўш бино қолиши керак эмас — президент

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари мамлакат бўйича 5 мингга яқин бўш бино борлигини аниқлади. Шавкат Мирзиёев бўш бино-иншоотларни сотиш, ижарага беришдан тушган маблағларни ушбу маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфлашни буюрди. «Йил якунига қадар бўш бино қолиши керак эмас», — деди у.

Йўловчи хавфсизлик камарини тақмаса, жаримани ким тўлайди?

Олд ўриндиқда хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримани йўловчининг ўзи тўлайди, дея маълум қилди ИИВ. Жарима миқдори БҲМнинг ярмини (135 минг сўм) ташкил қилади. Бироқ, МЖТКга ҳали йўловчилар жавобгарлиги бўйича ўзгартиришлар киритилмаган.

Март ойида Тошкентдаги уй-жойларнинг ижара нархлари 15 фоизга ошди

Россия ОАВлари маълумотларига кўра, охирги бир ярим ойда Ўзбекистонга 5 мингдан ортиқ россияликлар ташриф буюрган. Натижада февраль ойининг охиридан март ойининг ўрталарига қадар Тошкентда квартира ижарасининг ўртача нархи 15 фоизга ошган. Республикада сўнгги уч ойда ижара ҳақи 0,9 фоизга, яъни 2021 йилнинг мос даврига нисбатан икки бараварга қимматлашган.

Фурқат туманида фуқаро ўз томорқасида кўкнори етиштираётганлиги аниқланди

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида яшовчи фуқаро ўзига тегишли ер майдонида 6 туп кўкнори етиштираётганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистонда 410 мингдан кўпроқ хонадонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшайди

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари 35,3 млн аҳоли истиқомат қиладиган 6,9 млн хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказди. Натижада хонадонларнинг 47 фоизида қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 36 фоизида ўзига тўқ, 11 фоизида кам даромадли ва 6 фоизида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшаши маълум бўлди.

Мактаб битирувчиларининг 31 фоизи ҳали паспорт (ID-карта) олмаган — ХТВ

16 ёшдан ошган 122 минг нафардан ортиқ ёки 31 фоиз мактаб битирувчиси ҳалигача паспорт олмаган. Халқ таълим вазирлиги битирувчилар паспортсиз (ID-карта) интернет орқали олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топшира олмаслигини эслатди.

Тошкентдаги 158-мактаб психологи ўқувчи қизларга тегажоғлик қилганликда гумонланмоқда

Тошкентдаги 158-мактаб психологи 3 — 5-синф қизларига нисбатан номақбул хатти-ҳаракатларни қилганликда гумонланмоқда. У руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган. Шунингдек, қизларни икки нафар катта ёшли эркак гинеколог тиббий текширувдан ўтказгани улар руҳиятига янада кўпроқ салбий таъсир кўрсатгани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан Бош прокуратура, ХТВ ва Тошкент ИИББ баёнот берди.

Афғонистон билан чегарада вазият барқарор — Шерзод Асадов

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Термиз атрофида Ўзбекистон Қуролли кучлари Афғонистон ҳудудидан ракеталар билан ўққа тутилгани тўғрисидаги хабарларни расман рад этди.

Тошкент марказидаги АКТ вазирлиги биноси аукционга қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги пойтахт марказида 0,26 гектар майдонда жойлашган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тегишли бинони сотувга қўйди. Лотнинг бошланғич нархи — 66,52 млрд сўм этиб белгиланди.

МИБ 13 ёшли болага алимент тўламаганлиги учун хорижга чиқишга тақиқ қўйгани аниқланди

МИБ томонидан 13 ёшли болакайга «вояга етмаган болалар учун алимент тўламаганлиги учун» тақиқ қўйилгани аниқланди. У ўз онаси билан Россияга чиқиб кетаётганида авиарейсдан тўхтатиб қолинган. МИБ ушбу ҳолат «техник хатолик сабабли» юз бергани ва давлат ижрочисига интизомий жазо қўлланганини маълум қилди. Қолаверса, моддий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилиш сўралди.

Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш маркази ташкил этилди

«Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластери ҳудудида Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Марказга тиббий, клиник ва лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун билан таъминлаш Корея Эксимбанки жамғармаси кредитлари йўналтирилади.

Миллий гвардияга бир қатор ваколатлар берилмоқда

Миллий гвардия ходимларига маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузганлар, вояга етмаганларни тунги вақтда кўнгил очиш (дам олиш) жойларида бўлишига йўл қўйганлар, жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичганлар ва бошқаларни жаримага тортиш ваколати берилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фотоматериаллар:

Сайлов қонунчилигининг бузилиши: Навоий вилояти ҳокими матбуот котиби депутатлик ҳам қилмоқда

Навоий вилояти ҳокими матбуот котиби ҳамда Хатирчи тумани ҳокими ўринбосари бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари вилоят кенгашида депутат сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Сайлов қонунчилигига кўра, ижро ҳокимияти вакили бир вақтнинг ўзида депутат сифатида фаолият кўрсатиши мумкин эмас. Аввалроқ Кармана тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ва вилоят ҳокимлиги котибият мудири ҳам депутатлик қилиб келаётгани ҳақида ҳам ёзгандик.

Йил охиригача кўзи ожиз болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ўрнатилади

Президент қарорига асосан кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ИИВга бириктирилди ва «Нурли маскан» мактаблари деб қайта номланди. Йил якунига қадар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар яшайдиган ҳудудларда овозли светофорлар ва инновацион йўл белгилари ўрнатилади. Қолаверса, мактаблар учун Брайль ёзувидаги дарсликлар чоп этилади, ўзбек нутқи синтезаторига эга махсус компьютер дастурлари яратилади.

Фото: Тошкентдаги ёпиқ аквапарк ва гуллар боғи қандай кўринишда бўлади?

Президент «Технопарк» (собиқ ТАПОиЧ авиация заводи) ҳудудида қурилаётган аквапарк ва Астрономия паркидаги гуллар боғи лойиҳаси билан танишди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг сўзларига кўра, пойтахтдаги ёпиқ аквапарк Марказий Осиёда энг йириги бўлади.