Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги 21-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг муассаса панжараси ортидан «уходите» («кетинг») деб бақиришаётгани акс этган видео тарқалди. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати воқеа юзасидан изоҳ берди.
ХТВ маълумотларига кўра, Тошкентдаги 21-Меҳрибонлик уйида юзага келган вазият юзасидан ушбу муассасага Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари, Болалар бўйича омбудсман, ХТВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокими, Миллий гвардия, шаҳар прокуратураси, ва тегишли мутассадилар муассасага келган ҳолда вазиятни ўргандилар.
«Ўрганилганда муассаса тарбияланувчилари томонидан ходимлардан бирига нисбатан эътироз кайфияти шакллангани аниқланди», — дейилади хабарда.
Айни дамда муҳит барқарорлиги, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари кун тартиби бўйича шуғулланаётгани ва вазият назоратга олингани маълум қилинди.