Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни ният қилган фуқаро аниқланди. ДХХ ва туман ИИБ биргаликда ўтказган тезкор қидирувда уни йўлдан қайтариб қолингани маълум қилинди.

Таъкидланишича, 1998 йилда туғилган шахс 2020—2021 йиллар Россияда ишлаб юрган вақтида ижтимоий тармоқлар орқали «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими аъзолари таъсирига тушиб қолиб, уларни қўллаб-қувватлаган.

У «Tik-Tok», «Likee», «Instagram» ижтимоий тармоқларида шахсий профиллар очиб, унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган «Абу-Салоҳ», «Абдуллоҳ Зуфар», «Абдуллоҳ Бухорий», «Содиқ Самарқандий» ва бошқаларнинг «жиҳод», «ҳижрат» ҳамда «шаҳид"ликка чорловчи маърузаларини жойлаштирган. Улар орқали тарғибот ишларини олиб борган, дейилади хабарда.

Шунингдек, 2021 йилнинг декабрь ойида Россиядан уйига қайтиб келганидан сўнг, ҳамқишлоқлари орасида ҳам оқим ғояларини фаол тарғиб қилган.

Бундан ташқари, у Суриядаги жангарилар билан алоқа ўрнатиб, уларнинг йўл-йўриқлари ҳамда кўрсатмалари асосида Россия ва Туркия орқали уларнинг сафига бориб қўшилишини режалаштирган.

«Экспертиза хулосасига кўра, мазкур шаҳснинг тарқатиб келган диний мазмундаги материаллари ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва сақлаш тақиқланади», — дейилади хабарда.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари кетмоқда.