Ўзбекистонда 9 май куни ҳарбий парадлар ўтказилмайди — Мудофаа вазирлиги

9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан республикада ҳарбий парад ўтказиш назарда тутилмагани маълум қилинди. Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Ойбек Мамадалиев олдинги йиллар ҳам бундай намойишлар бўлмаганини айтди.

Шавкат Мирзиёев Рамзан Қодировга Рамазон ҳайити арафасида табрик йўллади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга табрик йўллади. Ўзбекистон делегацияси унга олтин ва кумушдан ясалган «Пои Калон ансамбли» нинг 3D шаклидаги суратини совға қилди. «Мен [совғага] қараяпман ва уни қўйишга жой қидираяпман. Президент лол қолдиришни билади», — деб ёзади Чеченистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макронни мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади.

Шерзод Кудбиев Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси лавозимига сайланди

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси лавозимига сайланди. Аввалроқ унга қўмита ҳузуридаги Фискал институт раҳбарлиги ҳам юклатилган эди.

ХМК Ўзбекистонга шамол энергетикаси лойиҳаларини ишлаб чиқишда ёрдам беради

Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида 500 МВт гача қувватга эга шамол электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича давлат-хусусий шериклик тузилмасини шакллантиришда маслаҳат беради.

«Металлоинвест» Ўзбекистондан темир йўл орқали ташиш тарифини пасайтиришни сўради

USM холдинги таркибига кирувчи «Металлоинвест» компаниясининг Тошкент металлургия заводи акциядорига айлангани маълум бўлди. Компания Ўзбекистондан темир йўл орқали ташиш тарифини пасайтиришни сўраган. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзаков ҳукумат ушбу масалани ўрганишини билдирди.

Беларусь Тошкентда трамвайни қайта тиклаш лойиҳасида иштирок этиш истагида

Беларусь бош вазири Роман Головченко Тошкентда трамвай қуриш лойиҳасида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Беларусь томони инфратузилма, лойиҳалаштириш ва ҳаракат таркибини етказиб бериш билан боғлиқ ечимларни таклиф қилмоқда. «Агар шундай қарор қабул қилинса, биз Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятларини кўриб чиқамиз», — деди Головченко.

Тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси тасдиқланди

2022−2023 ўқув йили учун республика ОТМ бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, тест топшириқлари сони ҳамда баҳолаш мезонлари эълон қилинди. Абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 90 та тест топшириғи берилади.

Шифокорлар 1 сентябрдан якка тартибда оилавий шифохона ташкил этиши мумкин

1 сентябрдан шифокорларга алоҳида тиббиёт муассасаси очмасдан ўз уйида ёки ижарага олган биносида якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилмоқда. Шунингдек, оилавий поликлиникаларнинг кундузги стационар иш вақти 20:00 гача узайтирилади.

Тошкентда ОИТСга чалинган стоматолог беморларни даволаб келгани аниқланди

Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 29 ёшли шахс ОИТС билан касалланганига қарамасдан тиш шифокори сифатида фаолиятини давом эттиргани аниқланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳафта давомида илиқ об-ҳаво сақланиб қолади

Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб асосан қуруқ ва илиқ об-ҳаво кузатилади. Чоршанба ва пайшанба кунлари марказий ва шарқий вилоятларнинг айрим туманларида қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши ва шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат +27…+32 даражагача кўтарилади.

Давлат геология қўмитаси биноси аукционда 124,7 млрд сўмга сотилди

Давлат геология ва минерал ресурслари давлат қўмитаси биноси аукционда 124,7 млрд сўмга сотилди. Унинг бошланғич баҳоси 75,6 млрд сўм этиб белгиланган эди.

Никоҳланувчилар ўз ҳисобидан генетик текширувдан ўтишади

2023 йил 1 июлдан никоҳланувчилар генетикларнинг хулосаси билан турмуш қуришади. Бунда фуқаролар репродуктив саломатлик марказлари орқали ўз ҳисобларидан молекуляр-генетик тестдан ўтишлари керак бўлади.