Абдулазиз Камилов Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари бўлди

2012 йилдан буён Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Комилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинланди. ТИВ раҳбарининг вазифаларини бажариш Владимир Норов зиммасига юклатилди.

Аъзам Абдуллаев «Ўзкомназорат» бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди

Ҳукумат қарори билан Аъзам Абдуллаев Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўзкомназорат») бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. «Ўзкомназорат»нинг аввалги раҳбари айрим ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан лавозимидан четлаштирилган эди.

Президент техникумлар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев техникумлар бўйича дастур ишлаб чиқиш топшириғини берди. Бунда аграр соҳадаги барча техникумлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилиб, улардаги ўқув дастурлар, методология, дарсликлар ва амалиёт тизими буткул қайта кўриб чиқилади.

Тўхтаб туриш ва автомобиль қўйиш жойларидаги йўл белгилари ўзгаради (Фото)

1 майдан республикадаги тўхтаб туриш ва автомобиль қўйиш жойларида турли кўринишдаги йўл белгилари ўрнатилади. Аввалги йўл ҳаракати қоидаларида тўхташ жойи белгиси фақат бир кўринишда эди.

«ОАВ эркинлиги учун халқаро ташкилотлар ёрдами керак» — Комил Алламжонов

Масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари Комил Алламжонов БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет билан учрашувда ОАВ эркинлигини таъминлаш учун халқаро ташкилотларнинг кўмаги зарурлигини таъкидлади. У БМТ бошқармаси билан ҳамкорлик матбуотни ривожлантириш ва «аҳолини агрессив ва шафқатсиз хорижий ташвиқотдан» ҳимоя қилиш учун муҳим деб атади.

Ўзбекистонда шиналар, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва гиламларни маркалаш жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда шиналар, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва гиламларга мажбурий маркалашни жорий этиш имкониятлари ўрганилмоқда. Расмийларга кўра, бу соҳаларда сохталаштириш ва контрафакт даражаси юқори.

Қоракўлчилик ва ипакчилик учун берилган имтиёзлар муддати узайтирилди

Қоракўлчилик маҳсулотларини етиштирувчилар учун солиқ ва божхона имтиёзлари 2026 йил 1 январгача узайтирилди.

Андижон тажрибаси: товуқлар тухум туғяптими ёки муаммо?

Андижон вилоятида аҳолини паррандачиликка кенг жалб этиш дастури амалга оширилмоқда. Давлат ОАВлари ҳар 100 та товуқдан 80 таси тухум туғиб, 2 млн сўм (тухум нархи 1500 сўм бўлса) соф фойда келтириши мумкинлиги ҳақида хабар бермоқда. Бироқ айрим аҳоли вакиллари товуқлар 30 донадан кўп тухум қўймаётгани, баъзилари ўлиб кетаётгани ва тухум 700 сўмдан сотилаётгани, шунинг учун ҳам зарар кўраётганини айтишмоқда. Андижон ҳокимлиги ушбу ҳолатлар бўйича муносабат билдирди.

«Фармасинтез» Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун $30 млн сармоя киритади

Россиянинг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири «Фармасинтез» Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 30 млн доллар миқдорида сармоя киритмоқда. Компания 2023 йилда саратонга қарши дори воситаларини ишлаб чиқаришни бошлайди.

30 апрель куни умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади

Ҳукумат фармойишига кўра, шанба куни Ўзбекистонда умумхалқ ҳайрия ҳашари бўлади.

2021 йилда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг 87 фоизи оилада содир этилган

2021 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга аёллар ва қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан 39343 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 34330 таси ёки 87 фоизи оилада содир этилган.

Муаллифлик ҳуқуқини мунтазам равишда бузувчи сайтлар фаолияти вақтинча чекланади

Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатларини тизимли равишда содир этиб келган веб-сайтлар фаолияти вақтинча чекланади. Интелектуал мулк соҳасида давлат назорати кучайтирилади.

Ўзбекистонда болаларга нисбатан ножўя ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилади

Сенатда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганларга нисбатан номақбул ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

Чироқчида ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатган шахсларга жиноят иши очилди

ироқчи туманида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари ва аҳоли ўртасида можаро келиб чиқди. Фуқаролардан бири инспекторнинг погони ва бодикамерасини юлиб олган. Туман прокуратураси уларга нисбатан жиноят иши очди.

Деҳқонободда қўнғир айиқ боласи ўлик ҳолда топилгани бўйича маълумот берилди

25 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида экологлар она қўнғир айиқни икки боласи билан учратиб қолган эди. Бир кун ўтиб ижтимоий тармоқларда болаларнинг биттаси ўлдирилгани тўғрисида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор қидирув натижасида гумонланувчи аниқланди. Унинг уйидан бир дона айиқ боласининг териси топилган. Лекин гумондор айиқ боласини ўлик ҳолда топганини айтмоқда.

Фарғона водийсида сел ҳодисалари кузатилиши мумкин

Ўзгидромет 27 апрель куни кучли ёғингарчилик туфайли Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида сел келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Вазият яхшиланди, аммо ҳали қайтишни тавсия қилмаймиз». Ўзбекистонлик шифокор Киевдаги вазият ҳақида

Киевда ишлаётган ўзбекистонлик шифокор Темурбек Юсупов «Газета.uz»га берган интервюсида Украина пойтахтида вазият анча яхшилангани, комендантлик соати қисқаргани, жамоат транспорти иши тикланганини айтди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, расмийлар ҳозирча шаҳарга қайтишни тавсия этмаяпти, чунки вазият кескин ёмонлашиши мумкин. Шунингдек, у Польша билан чегарада содир бўлган ЙТҲда яна бир ўзбекистонлик ҳалок бўлганини маълум қилиб, Украинадаги «бандеровчилар ва нацистлар» ҳақидаги хабарлар бўйича фикр билдирди.

Фото: Чақирилувчилар Ватанга садоқат қасамёдини қабул қилди

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар Ватанга содиқлик қасамёдини қабул қилди. Маросимда «Газета.uz» фотомухбири Евгений Сорочин иштирок этиб, чақирилувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди.

Жиззахдаги сел қабристоннинг ярмини оқизиб кетди, юқумли касалликлар тарқалишига қарши чоралар кўрилмоқда

Жиззах вилояти Эгизбулоқ маҳалласига келган сел 70 дан ортиқ қабрни оқизиб кетган. СЭС ходимлари аҳоли орасида турли касалликлар тарқалишининг олдини олиш учун сув ва тупроқ намуналарини олишди ҳамда аҳолига дори ва антисептик воситалари тарқатди.

«Дадам: „Жефф Безосни кўрдингми?“ — деб сўрарди» — Amazon компаниясининг реклама бўйича консультанти Ирина Аблязова

Amazon компаниясининг тематик рекламаларнинг автоматлаштирилган хариди бўйича консультанти Ирина Аблязова — «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони. Биз ундан Америкадан бўлмаслик иш топишга қандай ёрдам бериши, компаниянинг қатъий корпоратив маданияти, нима учун раҳбариятга чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиш шарт эмаслиги ва АҚШга қандай қилиб бориш мумкинлиги ҳақида сўрадик.