Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёт чораси сифатида Kinder бренди остидаги шоколад маҳсулотлари хавфсизлиги устидан назоратни кучайтирди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Бундан ташқари, давлатга кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган барча ширинликларнинг хавфсизлиги ҳам назоратдан ўтказилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 мамлакатда 151 та сальмонеллёз ҳолати бактерия билан зарарланган Бельгия шоколадини истеъмол қилиш натижасида юзага келганини аниқлаган эди. Биринчи ҳолатлар 27 март куни қайд этилган.
Халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги идоралари тармоғи (ИНФОСАН) томонидан 10 апрель куни глобал юқумли касаллик ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Шу билан бирга, Kinder Surprise, Kinder Mini Eggs, Kinder Surprise Maxi ва Kinder Schoko-Bons брендлари каби маҳсулотларни қайтариб олиш бошланди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мамлакатда шоколад истеъмол қилгандан кейин сальмонеллёз билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Таҳририят сўровига кўра, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги истеъмолчилар томонидан ҳеч қандай шикоят келиб тушмагани ва шунга кўра, олиб кирилаётган партияларни текшириш чоралари кўрилмагани ҳақида маълум қилди.
Мутахассислар изоҳига кўра, сальмонеллёз инсоннинг ошқозон-ичак трактига зарар етказувчи бактериялардир. Ушбу инфекция кўп ҳолларда беморларда енгил аломатлар билан кечса, баъзи турлари одамларда ўткир касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Умумий симптомлар орасида диарея, иситма, қорин оғриғи ва кўнгил айниши кўп кузатилади. Касалликка аниқ ташхис қўйиш учун микробиологик ва бактериологик таҳлиллар зарур.