Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ЙПХ ходимлари томонидан 1 кг опий гиёҳванд моддасини олиб кетаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг 147-километрида вилоят ЙПХБ 4-отряд инспекторлари иштихонлик 1982 йилда туғилган A.Қ. бошқарувидаги «Nexia 2» машинасини тўхтатган.
Ҳужжатларни текшириш пайтида ҳайдовчи ўзини шубҳали тутгани учун машина тегишли тартибда кўздан кечирилган. Машинанинг орқа ўриндиғи остида 2 дона скотчга ўралган тўртбурчак бўлаклар топилган. Уларнинг ичида ўткир ҳидли модда далилий ашё сифатида олинган.
Ҳайдовчи A.Қ бўлакларга 1 кг опий гиёҳванд моддасини жойланганини ва уларни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрига олиб кетаётганини маълум қилган.
Хозирда ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ТБ фуқаро А.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро мазкур модда билан ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.