Президент 16 май куни «Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.
Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг қон плазмаси банки яратилади. Донорларнинг қон плазмаси банклари Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда ташкил қилинади.
Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази қайд этишича, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги (ҚКГИ) илк марта 1944 йилда Қримда, 1956 йилга келиб Конгода аниқланган. Ушбу касаллик каналар орқали трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади.
Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади. ҚКГИ вирусининг манбалари — кемирувчилар, йирик ва майда шохли моллар ҳисобланади.
Касаллик асосан фаолияти чўл ҳудудлари билан боғлиқ бўлган касб эгалари — чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жунини қирқимига вақтинчалик ишга жалб этилганларда учрайди. Геморрагик иситма мавсумий бўлиб, асосан йилнинг баҳор ва ёз фаслларида қайд этилади. Касалликдаги бундай мавсумийлик каналарнинг фаоллиги билан бевосита боғлиқ бўлади. Касаллик асосан (80% дан кўпроғи) 20 — 60 ёшдаги эркакларда учрайди.
Ушбу касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва чорва молларидан уларни олиб, қўллар билан каналарни эзиш натижасида терининг кана қони билан ифлосланиши орқали одамларга юқади. Касалликнинг яна бир хавфли томони ҚКГИ билан оғриган беморнинг қони орқали ҳам гемоконтакт йўл орқали соғлом одамга юқади.
Ўзбекистоннинг жуда катта майдони геморрагик иситма бўйича табиий ўчоқли ҳудудлар ҳисобланади. Ушбу касаллик вирус билан зарарланган каналарнинг тарқалишига боғлиқ бўлиб, табиий ўчоқли бўлмаган ҳудудларда ҳам учраши мумкин, дейилади марказ маълумотида.