Қаршида бир гуруҳ такси ҳайдовчилари ҳайдовчи ва олд ўриндиқдаги йўловчи учун хавфсизлик камарини тақиш шартлиги бўйича талаб бекор қилинишини сўраб йўлни тўсиб қўйди. Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат акс этган видеоёзувлар тарқалди.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати муносабат билдирди. Унда айтилишича, ҳолат 26 май куни соат тахминан 14:00лар чамасида Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчасида жойлашган Транспорт коллежи рўпарасида рўй берган.
«Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи такси ҳайдовчилари томонидан норозилик билдирилиб, хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан, содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб масъулларга мурожаат билан чиқишган», — дейилади баёнотда.
Маълум қилинишича, 14 май куни Ислом Каримов кўчасида «Lochin ko’z-Q» дастури асосида камералар ўрнатилиб, ушбу камералар орқали хавфсизлик камари қоидабузарликларини аниқлаш йўлга қўйилган.
Аввал ёзганимиздек, 1 майдан бошлаб янгиланган йўл ҳаракати қоидалари кучга кирди, унга кўра эндиликда такси ҳайдовчилари хавфсизлик камарини тақишлари шарт. Шунингдек, автомобилларнинг олд ўриндиқлардаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақишлари керак.