Ўзбекистон илк бор Покистоннинг Карачи порти орқали Ҳиндистонга транзит юк жўнатди, дея хабар бермоқда Покистон халқаро контейнер терминали.

Юк дастлаб қуруқлик транспорти орқали Карачи портига етказилган, шундан сўнг Ҳиндистонга йўл олди.

Покистон халқаро контейнер терминали (PICT) ушбу ривожланиш бошқа мамлакатларни Покистоннинг савдо йўлидан фойдаланишга имкон яратиб, минтақадаги денгизга чиқиш имкони бўлмаган бошқа мамлакатлар учун ноёб геостратегик имтиёзлар беришига ишонч билдирди.

«Ўзбекистондан биринчи жўнатмани ташиш Карачи портида барча юклар учун тақдим этаётган хизматларимиз қийматини янада оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизга ижобий акс этади», — деди Покистон халқаро контейнер терминали бош ижрочи директори Хуррам Азиз Хон.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида ҳам Ўзбекистондан Покистонга транзит юк юборилган. Покистон томони буни «янги ҳамкорлик даврининг бошланиши» деб таърифлаганди. Кўп ўтмай Покистон Ўзбекистондан юк ташувчилар учун божхона тартибларини соддалаштирди. Жумладан, юк машиналари мамлакатга гаров пули тўламасдан кириши мумкин. Бу Гвадар, Карачи ва Қосим портлари орқали кирувчи ва чиқувчи юкларнинг транзитини кенгайтиради.

Жорий йилнинг март ойида Ҳиндистонлик трейдер Покистон ва Афғонистон орқали биринчи транзит тижорат юкини Ўзбекистонга жўнатди. Қолаверса, Покистондан Ўзбекистонга 40 минг долларлик 18 тонна ҳалол мол гўштининг биринчи партияси жўнатилганди.