23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг иккинчи босқичида Ўзбекистон олимпиячилари йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида Қатар олимпиячиларига қарши кечган учрашув 6:0 ҳисобида якунланди.

Ўйиннинг 5-дақиқасидаёқ ярим ҳимоячи Жасур Жалолиддиновнинг голидан кейин ҳисоб очилди. 20-дақиқада Хожимат Эркинов рақиб жарима майдончасига кириб борди ва ҳимоячини алдаб ўтиб, ўткир бурчакдан гол урди. Биринчи бўлим охирига келиб (45+1ʼ) ҳужумчи Ҳусаин Норчаев учинчи тўпни рақиб дарвозасига йўллади.

Иккинчи бўлимда ўзбекистонликлар босимни давом эттириб, яна учта голни расмийлаштирди. 60-дақиқада дарвозабоннинг қайтарган зарбасидан кейин ҳужумчи Улуғбек Ҳошимов тўпни дарвозага жойлади. Қатарлик ҳимоячи Юсеф Айман ҳимояланиш вақтида тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйдию. Захирадан майдонга тушган ҳужумчи Русланбек Жиянов эса чап қанотдан жарима майдончасига кириб келди ва ҳимоячилар ҳамда дарвозабонни ортда қолдириб, ҳисобни 6:0 га етказди.

Статистика

«Биз қийин ўйинга тайёргарлик кўрдик, аммо кўриб турганингиздек, йигитлар принципиал жиҳатдан яхши ўйнашди. Яратилган барча имкониятлардан унумли фойдаландик», — деди олимпия жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.

Ўзбекистон ушбу ғалабадан кейин турнирнинг чорак финалига йўл олди.

Энди Ўзбекистон U23 жамоаси 7 июнь куни гуруҳ босқичининг 3-турида Эрон олимпиячиларига қарши баҳс олиб боради.

Фото