3 июн куни Япон боғида Агробанк экотизими доирасида иккита янги лойиҳанинг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди:
- Agromarkaz — хизматлар маркази;
- Agrozamin-O‘zimizniki — рақамли савдо майдони.
Маҳсулотлар ер эгалари, фермерлар, фермер хўжаликлари ва агрокластерлар учун банк томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш дастури доирасида яратилган.
«Сўнгги йилларда „Агробанк“ ўзининг кейинги ривожланиш стратегиясида икки нарсага — давлат дастурлари ва бизнес йўналишини ривожлантириб боришга эътибор қаратмоқда. Бугун тақдимот қилган иккита дастуримиз айнан шуларга қаратилган. Уларни яратиш ғояси 2021 йилда ҳурматли президентимизнинг томорқадан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлари қабул қилинганидан кейин пайдо бўлди. Мазкур қарор билан „Агробанк“ олдига шахсий томорқа хўжалигида ишлайдиган аҳолимизнинг даромадини ошириш, ички истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, шахсий томорқада етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли тарзда ҳарид қилиш, шунингдек, маҳсулотларни маркетплайс усулида сотиш тизимини яратиш вазифаси қўйилганди», — деди «Агробанк» бошқаруви раиси ўринбосари Эркин Кахоров.
Шундай қилиб, барча керакли хизматларни битта ҳаволага тўплаган янги Agromarkaz лойиҳаси яратилди. Бу қишлоқ хўжалиги жараёнларини янада мослашувчан қилади. Марказ фаолияти эса қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
- Agrolab — ўсимлик ва тупроқ диагностикаси учун замонавий лаборатория. Ер унумдорлиги, озиқ моддаларнинг етиб бориши ва ўсимликлар томонидан ўзлаштирилиш даражаси, намликнинг мавжудлиги, ўсимликларни турли ҳашаротлардан ҳимоя қилиш ва уларни зарур маҳсулотлар билан таъминлаш каби хизматларни кўрсатади;
- Агромаркет — қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дўкони.
- Агроном, ветеринар ва лаборатория мутахассиси консультацияси.
- Agromarkaz тасарруфидаги мини-техника ёрдамида ферма ёки боғларда хизмат кўрсатиш;
- Call Center — ягона рақам бўйича маслаҳат ва хизматлар олишни ташкиллаштириш;
- Автоматлаштирилган банк хизматлари маркази.
Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 167 та марказ очиш режалаштирилган. Уларнинг ҳар бири битта дизайн ва услуб асосида қурилади.
Agrozamin-O‘zimizniki — бу мамлакат қишлоқ хўжалиги секторининг бизнес жараёнларини рақамлаштириш учун яратилган ихтисослашган чакана савдо майдончасидир.
Рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга улар етиштирган ёки ишлаб чиқарган маҳсулотни тез ва осон сотиш имконияти тақдим этилади.
«Агар Agrozamin O’zimizniki`да маҳсулотни сотиш мумкин бўлса, маҳсулот сотишгача бўлган даврни нима қилиш керак — бу кўпчиликка мавҳум. Ушбу вазифани ҳал этиш учун биз лойиҳаларни боғлашга қарор қилдик. Agrozamin O’zimizniki фойдаланувчиси нимадир етиштирмоқчи бўлса уруғ, кўчат ёки бошқа маҳсулотларни буюртма қилиши мумкин. Сиз турган манзил автоматик тарзда белгиланади, буюртма эса ушбу ҳудуддаги агромарказга келиб тушади», — деб сўзлаб берди бошқарув раиси ўринбосари.
Харидорлар қулай қидирув тизими ёрдамида керакли товарларни топиши, буюртма қилиши ва сотиб олиши мумкин. Веб-саҳифа каталоги қишлоқ хўжалиги соҳасининг 100 дан ортиқ йўналишларини ўз ичига олади. Савдо майдончасидан ҳам веб-сайт орқали, ҳам Android ва iOS платформалари орқали фойдаланиш мумкин.
Онлайн маслаҳатчи эса фермер хўжаликлари эгаларига қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажрибали мутахассислар билан бевосита боғланишда ёрдам беради. Рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар маълум бир соҳадаги малакали мутахассислар, масалан, агрономлар ва ветеринария шифокорларининг маслаҳатларидан фойдаланишлари мумкин. Мулоқот онлайн видеоконференцияда ёки чат орқали ёзма равишда амалга оширилади.
«Бундан ташқари, биз ерга ишлов беришдан, тайёр маҳсулот бўлишигача турли хизматлар ва маҳсулотларга эҳтиёж туғилишини тушуниб етдик. Шунинг учун биз ҳар битта вилоятни қишлоқ хўжалилига ихтисослашган туманларида Agromarkaz`ларни ташкил қилдик», — деди «Агробанк» бошқаруви раиси ўринбосари Эркин Кахоров.
Эркин Кахоровнинг сўзларига кўра, бевосита қишлоқ хўжалигининг ривожланишига ҳам илмий, ҳам инновация томонидан ҳисса қўшиш учун банк бир нечта экотизим элементларини кўпайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширмоқда.
«Келажакда биз қишлоқ хўжалигига илмий ёндашиш, билим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, IT технологияларини кенг жалб қилиш билан боғлиқ кўп лойиҳаларимиз мавжуд», — дея таъкилдади раис ўринбосари.
«Агробанк» АТБ — Ўзбекистондаги энг йирик тижорат банкларидан бири бўлиб, 170 та филиал, 146 та банк хизматларини кўрсатиш марказлари ва 498 та автоматлаштирилган бўлимдан иборат тармоқ туну кун фаолият кўрсатмоқда.
Аввалроқ, «Агробанк» яратилаётган экотизимнинг дастлабки элементларини тақдим этганди: «фермерлар мактаби» ўқув лойиҳаси, қишлоқ хўжалиги бўйича Agrobooks қўлланмалар тўплами, AgroZamin қишлоқ хўжалиги товарлари ва хизматларини сотиб олиш ва сотиш платформаси ҳамда Agrolab ўсимликларни ҳимоя қилиш биолабораторияси.
Реклама ҳуқуқлари асосида.