Ўзбекистон Украина билан боғлиқ ташқи шокларнинг салбий таъсирини камайтириш имкониятига эга — S&P

Россиядаги иқтисодий инқироз, шунингдек, Россия компаниялари ва иқтисодиёт тармоқларига нисбатан санкциялар Ўзбекистондаги фаолиятга таъсир қилади, деб таъкидлади S&P. Мамлакат Россиянинг Украинага бостириб кирган давр мобайнида ташқи шоклар ва ноаниқликларга бардош беради, аммо хавфлар ҳам мавжуд.

Ўзбекистонга келаётганлар учун коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар бекор қилинди

10 июндан бошлаб Ўзбекистонга кириб келувчи ҳам хорижлик, ҳам маҳаллий фуқаролар учун коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар, жумладан, манфий натижали ПЗР-тест ҳамда ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат талаби бекор қилинди.

Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ўзаро авиақатновлар йўлга қўйилади

Президент Ўзбекистон ҳамда Қатар давлати ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Ҳужжат авиақатновни ташкил этишдан ташқари, авиакомпанияларга божхона йиғимлари ва солиқ тўловларидан озод этувчи имтиёзларни назарда тутади.

Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтувчи яна бир ерости туннели топилди

Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтувчи 155 метрлик махфий туннел топилди. Бундан олдин ҳам Ўш вилоятидан Андижонга ўтиш мумкин бўлган 270 метрлик туннель аниқланганди.

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ҳибсга олинди

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида ҳибсга олинди. У 2017−2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.

Педагогика университети собиқ декан ўринбосари 3 йилга қамалди

Талабани зўрлашга уринганликда гумонланган ТДПУ собиқ декан ўринбосари иши бўйича суд якунига етди. Суд айбланувчи Б.Ю.ни қизнинг номусига текканлик факти бўйича оқлади. Бироқ, у талабани деразадан итариб юборганликда айбли деб топилди ва 3 йилга қамалди.

Шавкат Мирзиёев 8 нафар ҳокимга охирги марта «ҳайфсан» берди

Президент ер майдонларини аукционга қўйишда сусткашликка йўл қўйган Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига охирги марта «ҳайфсан» берди. Уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларини ишдан олишга кўрсатма берилди.

Президент транспорт вазирини «охирги марта огоҳлантирди»

Президент Ўзбекистон аэропортларига инвесторларни жалб этиш, республика ҳудудлари ўртасида ҳаво, темир йўл ва автомобиль қатновларини кўпайтириш бўйича ишларни қониқарсиз деб баҳолади. Транспорт вазири «охирги марта огоҳлантириш» олди.

Энди фақат 2 тоифадаги талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилади — Абдуқодир Тошқулов

Олий таълим вазири энди фақат икки тоифадаги талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилиши, қолган ҳолларда эса академик мобиллик қўлланилишини таъкидлади. «Талаба турмуш қурса ва давлат хизматчиси бошқа иш жойига ўтса, вазирнинг хати билан кўчиришга рухсат берилади», — деди Абдуқодир Тошқулов.

Ўзбекистон озиқ-овқат импортини оширишда давом этмоқда

Январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат импорти ҳажми 48,9 фоизга ошиб, 1,12 млрд долларни ташкил қилди. Таъминотнинг асосий қисмини буғдой, хом шакар, маргарин ва аралаш ёғлар, гўшт ва картошка ташкил қилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лабораториясида рангли пахта бўйича тажриба ўтказилмоқда

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг «Ғўза биотехнологияси» лабораторияси ноодатий рангда пахта етиштириш бўйича тажриба ўтказмоқда. Табиий рангли тола ишлаб чиқариш пахтанинг экспорт салоҳиятини оширади, деб ҳисоблайди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Ўзбекистонлик таэквондочи Римдаги Гран-прида совриндор бўлди

Рим шаҳрида Гран-при туркумига кирувчи турнирда таэквондочи Шуҳрат Салаев бронза медалини қўлга киритди.

Ўзбекистонлик дзюдочилар Европа очиқ чемпионатида бронза медалларини қўлга киритди

Австрияда бўлиб ўтган Европа очиқ чемпионатида уч нафар ўзбекистонлик ёш дзюдочилар 3 та бронза медалини қўлга киритди.

БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюради

Марказий Осиёга ташрифи доирасида БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад Ўзбекистонга ҳам келади. Сенат ва Ёшлар ишлари агентлигида музокаралар, шунингдек, Ўзбекистоннинг лидер аёллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

21−22 июнь кунлари Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши ўтказилади

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи 21−22 июнь кунлари Женевада бешинчи бор йиғилиш ўтказади. Аввалроқ бош вазир ўринбосари — ИТСВ раҳбари Сардор Умурзаков Ўзбекистон ташкилотга тезроқ киришга устувор аҳамият қаратишини таъкидлаган эди.

Олий спорт маҳорати институтига қабул 2023 йилдан бошланади

Президент қарори билан Олий спорт маҳорати институтига қабул 2023/2024 ўқув йилидан бошланади. Институт Самарқандда жойлаштирилади, унга яхши натижага эришган Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчилари қабул қилинади. Битирувчиларга «тренер», «ҳакам», «селекционер» мутахассисликлари берилади.

Паралимпиячиларнинг матонат мактаби ташкил этилди

Президент қарори билан Паралимпиячиларнинг матонат мактаби ташкил этилди. Қолаверса, Абдулла Қодирий кўчасида Паралимпиячилар боғи бунёд этилади. Метронинг янги бекатларидан бирига «Паралимпия ҳаракати» номи берилади, 2023 йилдан Тошкентда «Паралимпиячилар матонати» халқаро форуми ўтказилади.

Оҳангаронда жарима майдончасига олиб кетилаётган ҳайдовчи ўзини машинадан ташлаб юборди

20 май куни Оҳангаронда ЙПХ инспектори жарима майдончасига олиб кетаётган «ВАЗ-2121» ҳайдовчиси ўзини машинадан ташлаб юборди. 27 ёшли фуқаро 6 июнь куни кечаси шифохонада вафот этди. Прокуратура текширув ўтказмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортажлар:

«Таълим сифати ҳеч қачон ўқитувчи сифатидан ошиб кетолмайди» — Андреас Шляйхер

PISA тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхер Ўзбекистоннинг ушбу тадқиқотда қатнашиши таълимдаги бўшлиқларни тўлдириш имкониятини беришига ишонади. У ўқитувчилар сифатининг таълим сифатига таъсири, баҳолашда технологиянинг ўрни, таълим жараёни устидан назоратнинг муҳимлиги ҳақида ҳам фикр билдирди.

Президент ерусти метросининг Қўйлиқдан Сергелигача бўлган қисми қурилишини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев ерусти метросининг Қўйлиқдан Сергелигача бўлган йўналиши (5 та бекат) қурилишини кўздан кечирди. 12 кмлик метро йўлида 7 та бекат бўлади ва кунига 40 минг йўловчига хизмат кўрсатади. Яқин ҳудуддаги маҳаллаларга 12 та янги автобус йўналиши очилади ва метро бекатлари билан боғланади.