Tashkent Art Fest-2022 — бу Ўзбекистонда ўтказилаётган кенг қамровли рассомчилик ва санъат фестивалидир. 6 июндан 9 июнгача пойтахтнинг 100 дан ортиқ кутилмаган жойларида турли хил рассомлик кўргазмалари бўлиб ўтди.

Фестиваль халқаро аэропорт, метрополитен, Nest One биносининг чўққисида, шаҳарнинг боғ ва сайилгоҳларида, меҳмонхона ва 50 га яқин ресторанлар каби ноодатий жойларда бўлиб ўтди. Ушбу кўргазмаларда пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари нафақат рассомларнинг тайёр асарини, балки шу жойлардан илҳомланиб ёрқин расмларнинг яратилиш жараёнини ҳам томоша қилишди.


10 июнь куни ботаника боғининг қоқ марказида расм чизиш бўйича танлов ўтказилди. Танловда кутилган 250 нафар иштирокчи ўрнига 700 дан ортиқ турли хил ёшдаги ва турли хил муассасалардан рассомлар иштирок этишди. Бундай кўп иштирокчилар сони ташкилотчилар учун ҳам кутилмаган эди.

Топшириқ эса содда — «Тошкент», яъни пойтахт ҳақидаги таассуротни қоғозда акс эттириш эди.

Асарларнинг яратилиши ҳакамлар аъзолари томонидан назорат қилинди. Айнан шу ерда Tashkent Art Fest-2022 доирасидаги ёрқин таассуротлар туғилди.

Фестивалда Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаб-интернати ўқувчилари, Ўзбекистон бадиий академия аъзолари, П. Беньков номидаги республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчилари иштирок этишди.


Рассомлик ва санъат фестивали якунига бағишлаб 11−12 июнь кунлари соат 10:00 дан 22:00 гача Ўзбекистоннинг иқтидорли рассомларининг 1000 дан ортиқ асарлари кўргазмалари, турли хил совринли танловлар, болалар учун қўл иши ҳунарлари ва кўпгина бошқа қизиқарли тадбирлар ўтказилади.

12 июнь куни «Мовий гумбазлар» сайилгоҳида танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирланади.

Танлов натижаларига кўра:

  • 1-ўрин ғолибига — Москва шаҳрига икки кишилик уч кун саёҳат ва Третьяков Галереяси бўйлаб экскурсия;
  • 2-ўрин ғолибига — Нукус шаҳрига икки кишилик саёҳат, Савицкий номидаги санъат музейи бўйлаб экскурсия;
  • 3-ўрин ғолибига — график планшет.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, гран-при соҳиби учун Абу-Дабига 2 кишилик уч кун саёҳат ва Лувр рассомлик музейи бўйлаб экскурсия тақдим этилади.


Бундан ташқари турли хилдаги номинация ғолиблари учун сертификат ва совғалар берилади. Гала-концерт эса фестивалга якун ясайди.

Фестиваль мобайнида Ўзбекистонда санъат кутилганидан анча юқори баҳоланиши яққол кўзга ташланди. Фестивалда санъатдан роҳатланиб, унинг оғушида яшайдиган кўпгина ёшлар қатнашишди. Ушбу фестиваль санъат шайдоларини, ўз ишининг профессионалларини, шу соҳада таълим олаётган талаба ва ўқувчиларни кўрсатди. Кўзларида олов учқуни ёниб турган рассомларнинг санъатга бўлган муҳаббатидан таъсирланган фестиваль ташкилотчилари ушбу лойиҳани Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари учун ҳар йили ўтказишга қарор қилинди.

Реклама ҳуқуқлари асосида.