Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев «Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 апрелдан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина my.vetgov.uz сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.

Қайд этилишича, 2022 йил 1 июндан 400 млрд сўмгача кредит маблағлари ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун Марказий банк асосий ставкасида 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача револьвер кредитлар ажратилади.

Бундан ташқари, инкубацион тухум, бир кунлик жўжа, озуқа маҳсулотлари ва унинг қўшимчалари, дори воситалари, қўшимча компонентлар, буғдой, маккажўхори ва бошқа дон маҳсулотлари учун айланма маблағлар жамғаришга ҳамда гўшт етиштиришдаги лойиҳалар, инкубацион цехлар, паррандачилик маҳсулотларини ишлаш, сақлаш технологиялари ва бошқа зарур эҳтиёт қисмлари учун паррандачилик хўжаликлари ва паррандачилик омухта еми ишлаб чиқарувчиларга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Қарорга кўра, паррандачиликни ривожлантириш бўйича мақсадли давлат дастурлари бўйича кредит маблағлари 10 йилгача муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан ажратилади.

Шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун «Микрокредитбанк» АТБга йўналтирилган миқдоридаги маблағларини қайтариш муддати 7 йилдан 10 йилгача 5 йиллик имтиёзли давр билан узайтирилади.

Тадбиркорларга уларнинг мавжуд қувватларини тўлиқ ишга тушириш учун олдин ажратилган кредитларнинг қайтариш муддати уларнинг аризасига кўра ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифларига асосан 10 йилгача узайтирилади.

«Паррандасаноат» уюшмасига аъзо паррандачилик хўжаликларига 2022 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январгача даврда паррандачилик хўжаликларига ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидия миқдори 12 минг сўм этиб белгиланди.

Парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажмлари йил якунигача камида 35 фоизга оширилиб, 600 минг тоннага етказилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 24 январдаги қарори билан 1 январдан 2024 йил 1 январгача паррандачилик хўжаликларига ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган парранда гўштининг ҳар бир килограми учун субсидия миқдори 2500 сўм этиб белгиланди.