Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида ҳозирга қадар бирорта давлат ОТМда хусусийлаштириш жараёни бошланмаган. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 16 июнь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Ҳозиргача 10 йилда қилишимиз керак бўлган бирорта давлат олий таълим муассасасини хусусийлаштириш жараёни бошланмаган, очиғини айтаман. Лекин, агар буни бошласак, олий таълим ҳам фойдали, ҳам даромадли соҳа-ки, [инвесторлар сотиб олишга] киришиб кетишади», — деди вазир.
«Ҳозир хусусий олий таълим муассасалари жуда кўп очилаяпти, аммо ҳаммаси ҳам самара бераяпти деб ўйламанман. Менинг бунга баҳо беришим қанчалик тўғри, билмадим, инспекция, жамоатчилик бор. Ҳозир бу босқичдан қарийб ўтиб бўлдик. 2026 йилгача бизда 50 та хусусий ОТМ бўлиши керак. Ҳозир хусусий ОТМлар 30 га яқинлашди», — деди у.
У шунингдек, давлат ОТМларини хусусийлаштириш параллел равишда олиб борилишини қайд этди.
«Бунга ҳали тайёр эмасмиз. Чунки жуда кўп давлат ташкилотлари орасида хусусийлаштирилгандан кейин иш бермагани ҳам бор. Шунинг учун 2023 йилдан бошлаб буни етти ўлчаб, бир кесиб, ҳамма мезонлари ишлаб чиқилганидан кейин [хусусийлаштиришга] киришиш ниятидамиз», — деди Абдуқодир Тошқулов.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 8 октабрида Ўзбекистон олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.