17 июнь куни Тошкент шаҳридаги 110-мактабда 2−11-синфлар учун рус тилини хорижий тил сифатида ўқитиш бўйича янги дарсликлар тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар берди Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази.

Мазкур дарсликлар А.И. Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети ҳамкорлигида Ўзбекистондаги мактабларда рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитишнинг сифатини оширишга қаратилган «Зўр!» лойиҳаси доирасида таълим ўзбек ва қардош тилларида олиб бориладиган мактабларнинг 2−11-синф ўқувчилари учун яратилди.


Дарсликлар Миллий ўқув дастури асосида замонавий таълим стандартлари, илғор ўқитиш усуллари ва баҳолаш тизимини ҳисобга олган ҳолда яратилган. У ўқувчида ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, фикрни ёзма ва оғзаки тарзда ифодалай олиш каби 4 та кўникмани шакллантиришга эътибор қаратади.

Шунингдек, дарсликларининг ҳар бирида янги мавзуни визуал қабул қилишнинг афзалликлари инобатга олинган. Ҳар бир синф дарслигига 2 тадан лойиҳа иши, дарсликнинг охирида 7 та тилдаги луғат ҳам киритилган.