Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Ўзбекистон фуқароларини АҚШга ноқонуний юбориш ҳолатига чек қўйилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон24» телеканалида эфирга узатилган репортажда маълум қилинди.

Самарқанд ҳуқуқ-тартибот идораларига икки нафар шахс Ўзбекистон фуқароларини 40 минг доллар эвазига виза расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, АҚШга ноқонуний тарзда жўнатиш билан шуғулланаётгани ҳақида маълумот келиб тушди, дейилади хабарда.

Шаҳарнинг Регистон кўчасида 39 ёшли аёл фуқаронинг яшил паспорти, хорижга чиқиш паспорти ҳамда келишилган пулни олаётган вақтда жиноят устида ушланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида аёлнинг 30 ёшли шериги 3 минг доллар пулни олган вақтида қўлга тушди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.