Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси бир ойдан камроқ вақт ичида тайёрланди

Конституциявий комиссиянинг илк йиғилишидан бир ой ҳам ўтмасдан Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланиб, Қонунчилик палатасига киритилди. Таъкидланишича, Бош қонуннинг 66 та моддасига 170 дан ортиқ тузатиш киритилмоқда. Бироқ, лойиҳанинг тўлиқ шакли эълон қилинмади.

Ўзбекистон зилзила оқибатларини бартараф этишда Афғонистонга кўмаклашишга тайёр — ТИВ

Ўзбекистон ТИВ Афғонистонда содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдириб, ҳукумат табиий офат оқибатларини тезроқ бартараф этишда Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

«Газета.uz» фотографлари Жаҳон банки танловида совриндор бўлди

Жаҳон банки Ўзбекистонда қашшоқликка қарши курашиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларига бағишланган ёш фотосуратчилар ўртасидаги қўшма танлов натижаларини сарҳисоб қилди. «Газета.uz» фотографлари Мадина Аъзам ва Евгений Сорочин танловнинг асосий ва махсус совринини қўлга киритди.

Тўпаланг сув омборидан чиқаётган сув ташламаси меъёридан ортиб кетди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги Тўпаланг сув омборидан сув чиқаётгани акс этган видеолар тарқалди. ФВВ буни сув омборидан чиқаётган сув ташламаси режавий кўрсаткичдан ошиб кетгани билан изоҳлади.

«Ўзбекгидроэнерго» «Тўпаланг» сув омбори пастки қисмидан катта ҳажмда сув чиқишига ГЭСнинг 2-компонент иншоотидаги сув қувури тўсини шикастланиши сабаб бўлганини маълум қилди.

Тошкентда 9 кишига қалбаки авиачипталарни сотган тадбиркор қўлга олинди

Тошкент шаҳрида 9 нафар фуқарога Япония ва Россияга учиш учун қалбаки авиачипталар расмийлаштириб берганликда гумонланган тадбиркор ҳибсга олинди. У чипталарни 2420 доллар ва 20,9 млн сўмга сотгани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

«Фуқаролар ва бизнес вакиллари далилларга асосланган қонунчиликни талаб этмоқда» — Русланбек Давлетов

Бир йилда қабул қилинган ҳужжатларнинг 30 фоизига, жумладан тадбиркорлик билан боғлиқ ҳужжатларнинг 80 фоизига ўзгартиришлар киритилди. Бу қонунчиликнинг барқарорлигига салбий таъсир қилмоқда, «фуқаролар ва бизнес вакиллари далилларга асосланган қонунчиликни талаб этмоқда», деди адлия вазири.

Ўзбекистон беш ойда 615,6 минг тонна мева ва сабзавот экспорт қилди

Январь-май ойларида қиймати 335 млн долларлик 615,6 минг тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даври билан қараганда 44 минг тоннага кўп демакдир. Ўз навбатида, ички бозорда сабзавотлар нархи ошди.

Боёвут қишлоқ хўжалиги бўлими ходими осилган ҳолда топилди

Сирдарё вилояти Боёвут туман қишлоқ хўжалиги бўлими ходими иш жойида осилган ҳолда топилди. У қимор ўйинида ютқазиб қўйгани учун ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.

Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг айрим ҳудудларида 13 соатга электр энергияси узилади

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг айрим ҳудудларида 23 июнь куни соат 7:00 дан 20:00 гача электр энергияси вақтинчалик узилади. Бу вақтда электр узатиш линияларининг янги таянч устунлари ўрнатилади. Манзиллар.

Тошкент вилоятида археология ёдгорлигига 5 млрд 668 млн сўм зарар етказилган — ДХХ

Тошкент вилоятида маданий мерос объектларини қайта таъмирлашда сохта ҳисоб-китоблар йўли билан 670 млн сўмга яқин давлат маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди. Бундан ташқари, Қибрай туманидаги археология ёдгорлиги яқинидаги қурилиш ишлари ушбу объектга 5 млрд 668 млн сўм зарар етказгани маълум бўлди.

Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида сел келиш хавфи эълон қилинди

Ўзгидромет ҳафта охирига қадар ва душанба куни кузатиладиган ёмғирлар сабабли Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида сел келишидан огоҳлантирди. Аҳолидан эҳтиёт чораларини кўриш сўралмоқда.

Сурхондарёда At Termiziy University номли сохта университет ташкил этилгани аниқланди

Сурхондарёда икки шахс фаолият юритиш учун рухсатномага эга бўлмаса-да At Termiziy University хусусий таълим муассасасини ташкил этгани аниқланди. Улар Telegram орқали тарғибот олиб боришгани ва 73 кишидан қарийб 307 млн сўм ундиргани айтилмоқда. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг бешинчи йиғилиши ўтказилди

Унда ишчи гуруҳ мамлакатнинг ташқи савдо режимига оид ҳужжатларни, шу жумладан республиканинг иқтисодий ва божхона-тариф сиёсати юзасидан аниқ хулоса ва маълумотларни муҳокама қилишни бошлади. Аввалги учрашув икки йил олдин ўтказилганди.

Тошкентда Evos филиалларининг бирида ёнғин содир бўлди

22 июнь куни эрталаб Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Evos биносида ёнғин содир бўлди. Тахминан 40 дақиқадан сўнг ёнғин ўчирилди. ФВВ маълумотларига кўра, жароҳат олганлар ва қурбон бўлганлар йўқ.

Ҳоким ёрдамчилари учун ҳалоллик бўйича курслар ўтказилмоқда

Президент танқидидан сўнг, ҳоким ёрдамчилари учун ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус курслар ташкил этилди. Семинарларда коррупцияга қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олиш механизмлари ва бошқалар таҳлил қилинмоқда.

InterContinental Тошкентга қайтмоқда

InterContinental Hotels & Resorts орадан 10 йил ўтиб, Тошкентга қайтишини маълум қилди. Бренднинг янги меҳмонхонаси пойтахт марказидаги Trilliant Business Park мажмуасида жойлашади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортажлар:

Пандемиядан кейин трендга чиққан 8 та соҳа

Пандемиядан сўнг, аниқроғи 2022 йилда янги трендлар юзага келди. Мисол учун, метаборлиқ, блокчейн, телемедицина, 3D босма каби соҳаларга бўлган қизиқиш ортди. «Газета.uz» 8 та энг илғор ўсиб бораётган соҳаларнинг бозордаги ўрни ва ҳажми ҳақидаги маълумотларни тўплади.

Боку — «оловлар мамлакати» пойтахтидан репортаж

Озарбайжон пойтахти Кавказдаги энг йирик шаҳар-порт саналади. Соҳилларини Каспий денгизи ювиб турадиган шаҳар кўркам архитектура, тарихий масканларга бой. «Газета.uz» Бокудаги эътиборга сазовор жойлар, ёнувчи тоғ ва лой вулқонлар, озарбайжон ошхонаси ва сайёҳлар учун маслаҳатлар ҳақида сўз юритади.

Ўзбекистон газни кимдан ва қандай нархда олмоқда, депутат нима учун норози?

Депутат Расул Кушербаев Ўзбекистон маҳаллий ва хорижий компаниялардан сотиб оладиган газ нархларини маълум қилди. У хориж корхоналари нархларининг юқорилигидан норозилигини билдириб, бу ҳолатни «ватанидан кўра пулни кўпроқ яхши кўрадиган айрим амалдорларнинг қилмишлари» билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.