«Тўпаланг ГЭС» унитар корхонаси директори Асрор Улуғов ва Сариосиё тумани ФВБ бошлиғи ижтимоий тармоқларда тарқалган Тўпаланг сув омборидан сув чиқаётгани акс этган видеолар бўйича баёнот берди.

«Бугун ижтимоий тармоқларга чиққан Тўпаланг сув омбори ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида соат 10:28 да жонли эфирда чиқяпман. Мана, сув омборида кўриб турганингиздек ҳаммаси жойида. Ҳар доимгидек назорат ўлчов ишлари олиб борилиб, сув омборида ҳеч қандай [фавқулодда] ҳолат бўлгани йўқ», — деди ГЭС раҳбари.

Чапдан ўнгга: «Тўпаланг ГЭС» УК директори ва Сариосиё тумани ФВБ бошлиғи.

«Сув омборидан чиқувчи дарёмиз 600 метр кубга мўлжалланган, ҳозирда каналдан 160 метр куб сиғимда сув оқяпти. Ҳеч қандай ваҳимага ҳожат йўқ. ГЭСда бўлган ҳолат бўйича ишлар олиб бориляпти. 1−1,5 соат ичида бу ҳолат бартараф этилади. [Бу бўйича] яна қўшимча маълумот берамиз», — деди Асрор Улуғов.

Унинг қўшимча қилишича, сув омбор сиғими 500 млн метр кубга мўлжалланган, ҳозирги кунда 378 млн метр куб сув йиғилган. «Бу дегани [сув омборида] яна 120−130 млн метр куб сув сиғими мавжуд. Сув омборида ҳеч қанақа ортиқча ҳолат кузатилгани йўқ», — дея қайд этди у.

Шунингдек, ҳолат бўйича Сариосиё тумани ФВБ бошлиғи, подполковник Раҳмонов ҳам муносабат билдирди. «Ушбу ҳолат бўйича келиб, текширув ишлари олиб бордик. Халқимизни ваҳима қилишига ҳеч қанақа ҳожат йўқ. Ҳамма томони яхши. Сув омбор дамбалари ўз жойида турибди», — деди у.

«Ўзбекгидроэнерго» муносабати

Ҳолат бўйича «Ўзбекгидроэнерго» АЖ батафсилроқ изоҳ бериб, кўп миқдорда сув тошишига нима сабаб бўлганини тушунтиришга уринди.

«Модернизация лойиҳаси доирасида синов ишлари олиб борилаётган босимли сув қувури тўсини шикастланиб, қўшимча 40 метр секунд атрофида сув миқдори ГЭС биноси орқали чиққан. Барча кучлар сафарбар қилиниб, айни вақтда муаммо бартараф этилмоқда. Натижада умумий сув сарфи 160 метр куб секундга кўтарилган ҳамда Тўпаланг дарёсига йўналтирилган», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳолатда Тўпаланг сув омбори тўғони билан боғлиқ бирор-бир муаммо кузатилмагани қўшимча қилинган.

Таъкидланишича, 160 метр секунддаги сув сарфи миқдори Тўпаланг дарёси ўзани учун мутлақо хавфсиз ҳисобланиб (дарёнинг сув ўтказиш қобилияти 600 метр секунд), омборнинг пастки қисмда яшовчи аҳоли хонадонлари ва корхоналар учун ҳеч қандай салбий оқибатларни келтириб чиқармайди.

«Ушбу воқеа натижасида шикастланганлар ва жабр кўрганлар мавжуд эмас. Вазият тўлиқ назорат остида», — дейилади хабарда.

Энергетика вазирлиги муносабати

«Бугунги кунда Тўпаланг ГЭСда модернизация қилиш ва ГЭС қувватини 30 МВтдан 175 МВтга ошириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, модернизация жараёнида босимли сув қувурига ўрнатилган вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши натижасида сониясига 40 куб метр сув сизиб чиққан», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳозирда босимли қувурдан сув сизиб чиқиш тўхтатилган. Вазирликка кўра, бу ҳолат тўғон ҳолатига ҳеч қандай таъсир қилмаган ва Тўпаланг сув омбори тўғонига шикаст етмаган.

Шунингдек, айни пайтда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси ҳодиса сабабларини ўрганиш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш мақсадида воқеа жойига етиб борган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқлардаги Сурхондарёдаги Тўпаланг сув омборидан сув чиқаётгани акс этган видеолар бўйича ФВВ сув омборидан чиқаётган сув ташламаси режавий кўрсаткичдан ошиб кетганини маълум қилганди. «Ўзбекгидроэнерго»нинг биринчи муносабатида сув омбори тўғони сув қўйиб юборгани ҳақидаги хабарлар рад этилган эди.