Президент 24 июнь куни «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда президент Администрациясига яқин бўлган Нигоҳ Telegram-канали хабар берди.
Ҳужжат билан Ўзбекистонда педагогика йўналишида 10 та ОТМ ташкил этилиши белгиланмоқда.
Улар қуйидагилардан иборат:
- Урганч давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Урганч давлат педагогика институти;
- Наманган давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Наманган давлат педагогика институти;
- Гулистон давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Гулистон давлат педагогика институти;
- Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти негизида Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти;
- Андижон давлат университетининг Педагогика институти негизида Андижон давлат педагогика институти;
- Бухоро давлат университетининг Педагогика институти негизида Бухоро давлат педагогика институти;
- Термиз давлат университетининг Педагогика институти негизида Термиз давлат педагогика институти;
- Қарши давлат университетининг Педагогика институти негизида Шаҳрисабз давлат педагогика институти;
- Чирчиқ давлат педагогика институти негизида Чирчиқ давлат педагогика университети;
- Жиззах давлат педагогика институти негизида Жиззах давлат педагогика университети ташкил этилади.
Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
- педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2−4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари «4+2» тартибида, шу жумладан дарсларнинг 4 куни ОТМда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилиши таъминланади;
- ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчиларини ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан хорижий давлатларга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юбориш чоралари кўрилади.
Белгиланишича, 2023/2024 ўқув йили қабулидан бошлаб педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМларининг 14 та таълим йўналишлари бўйича сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди.
Улар:
- Математика ва информатика;
- Физика ва астрономия;
- Кимё;
- Биология;
- География ва иқтисодий билим асослари;
- Ўзбек тили ва адабиёти;
- Она тили ва адабиёти (тиллар бўйича);
- Ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили;
- Ўзга тилли гуруҳларда рус тили;
- Хорижий тил ва адабиёти (тиллар бўйича);
- Чақириққача ҳарбий таълим;
- Мактаб менежменти;
- Мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (тиллар бўйича);
- Махсус педагогика (фаолият турлари бўйича).
Шунингдек, ушбу таълим йўналишларига сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга таълим тизимида педагогик фаолиятга оид камида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахслар қабул қилинади.