Тошкентда электр таъминотидаги узилишларга изоҳ берилди
Тошкентда бир неча кундан бери электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Айрим ҳудудларда соатлаб ток бўлмаяпти, светофорлар ишламай қолмоқда, сув босими пасайган. Тошкент ЭТК буни аномал иссиқлик ва қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун тармоқлар модернизация қилинаётгани билан изоҳлади.
Барча фуқароларга тенг муомала қилишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
Ўзбекистонда барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
«Халқнинг ўзи ҳам мухолифат бўлиши мумкин» — Танзила Нарбаева
Сенат раиси Танзила Нарбаева «Америка овози» нинг Ўзбекистонда ҳақиқий мухолифат йўқлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, мухолифат борлиги ва интернетда расмийлар танқид қилинишини таъкидлади. «Халқнинг ўзи ҳам мухолифат бўлиши мумкин», — деди у.
Ўзбекистон компанияси АҚШнинг иккинчи даражали санкцияларига тушди
АҚШ Давлат департаменти Россия корхоналарига қарши санкциялар режимини бузгани учун Ўзбекистоннинг Promcomplektlogistic компаниясига нисбатан чекловларни жорий қилди. У бошқа компаниялар қаторида «Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш» да гумон қилиниб, «қора рўйхат» га киритилган.
Наманганлик эркак онлайн қиморда ютқазгани учун ўзини осиб қўйгани айтилмоқда
Норин туманида яшовчи 33 ёшли фуқаро ўз уйида осилган ҳолда топилди. Унинг онлайн қимор ўйинларидаги ютқазавериши оиласида келишмовчиликларни келтириб чиқаргани ва шу сабабли ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Сурхондарёдаги Хатак ғорида неандертал одам яшаган макон топилди
Археологлар Сурхондарёнинг Хатак ғорида неандертал одамга тегишли макон борлигини аниқлашди, у тахминан милоддан аввалги 100−40 минг йилликка оид. Ғордан Тешик-Тошдаги каби қуроллар ҳам топилди. Июндан бери маҳаллий ва Австралиянинг Гриффет университети археологлари қазишма ишларини олиб бормоқда.
Тошкентда ковид поликлиникалар фаолияти қайта тикланди
Тошкентда ковидга чалинишнинг кунлик ҳолати кўпайиши ортидан 12 та туманда ковид-поликлиникалар фаолияти қайта тикланмоқда. ССВ бепул ПЗР-тест таҳлили топшириш мумкин бўлган лабораториялар манзиллари рўйхатини ҳам эълон қилди.
Сергелидаги бир қатор маҳаллаларда совуқ сув вақтинча ўчирилади
Тошкент шаҳар Сергели туманининг айрим ҳудудларида 29 июнь соат 22:00 дан 30 июнь куни тушлик вақтигача ерусти метроси қурилиши муносабати билан қувурларнинг кўчирилиши сабабли совуқ сув таъминоти тўхтатилади. Янгиҳаёт туманида сув босими пасаяди. Маҳаллалар рўйхати.
Мирзиёев Бердимуҳамедовни 65 ёши билан табриклади
Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 ёшга тўлгани билан табриклади. Суҳбат чоғида президент Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Газ ва электр энергияси учун тарифлар ҳозирча оширилмайди
1 июлдан электр ва газ учун тарифлар оширилмайди, чунки ҳукумат фуқароларнинг тарифларни ўзгартириш ва ижтимоий нормани жорий этиш бўйича юбораётган таклифларини ўрганишда давом этмоқда.
Подшохлар овлайдиган ноёб қушнинг 400 дан ортиғи Устюрт текислигига қўйиб юборилди
Қизил китобга киритилган 402 бош йўрға тувалоқ қуши Устюрт текислигига қўйиб юборилди. Арабларда ушбу қушни лочин ёрдамида овлаш анъанага айланган бўлиб, у «подшохлар ови» деб ҳам аталади. Ўзбекистонда бир дона тувалоқни овлаш учун рухсатнома хорижликларга 7 минг доллар эвазига берилади.
Фарғонада аҳолига ажратилган 151 тонна ун қиммат нархларда сотиб юборилгани аниқланди
Бағдод туманида тадбиркор аҳолига ажратилган арзон нархдаги 151,4 тонна ун маҳсулотини белгиланган маҳаллаларга етказиб бермасдан, Марғилон шаҳрида бошқа шахсларга қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланди. Гумондорга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Фарғонанинг тоғли ҳудудларида музли сел келиши хавфи эълон қилинди
Ўзгидромет ҳафта охиригача Сўх ва Фарғона туманлари, қолаверса, Сўх, Шоҳимардон, Исфайрамсой дарёларида музли сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келишидан огоҳлантирди. Аҳоли ва ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўриш сўралмоқда.
Самарқандда ҳалифалик давлатини тиклашни тарғиб қилиб келганлар ҳибсга олинди
Самарқандда тўрт киши «Ҳизб ут-Таҳрир» экстремистик ташкилоти ғояларини тарғиб қилиш, мамлакатдаги конституцион тузумни ағдариб, халифалик давлатини тиклашга уринганликда гумонланмоқда. Уларни Польшада яширинган ташкилот етакчиларидан бири бошқаргани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:
АҚШ элчиси билан катта интервью: алоқалар, ислоҳотлар, Конституция, сўз эркинлиги ва бошқалар ҳақида
АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм «Газета.uz»га берган интервьюсида Америка ташқи сиёсатининг Ўзбекистондаги устувор йўналишлари, ислоҳотлардаги ютуқ ва муваффақиятсизликлар, сўз эркинлиги ва мамлакат ривожи ўртасидаги алоқалар тўғрисида сўзлаб берди. У Конституция ислоҳотлари ҳақида ҳам фикр билдирди.