28 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг Конституциявий референдум ўтказиш масалаларига бағишланган мажлиси ўтказилди.

МСК раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров кун тартибига қўйилган Референдум округлари ҳамда референдум ўтказувчи округ комиссиялари тўғрисидаги, Референдум участкалари ҳамда участка комиссиялари тўғрисидаги низомлар ҳақида маълумот берди.

«Янгилик ихтиро қилганимиз йўқ. Референдум комиссиялари тизими сайлов комиссиялари тизимига ўхшаш шаклда тузилади. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси президенти сайловида шакллантирилган округ ва участкалар тизими шу референдумни ўтказиш жараёнларида ҳам иш олиб боради», — деди раис ўринбосари.

Баҳром Қўчқоров. Фото: МСК матбуот хизмати.

Мажлисда «Референдум тўғрисида»ги қонун бундан 30 йил олдин қабул қилингани, унга 2001 йилда тегишли ўзгартиришлар киритилгани айтилди.

Маълум қилинишича, 2019 йилда Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан референдум тўғрисидаги қонунга сайлов кодексидан келиб чиқадиган ўзгартиришлар киритилиб, бир-бирига мослаштирилди. 2021 йилда эса Сайлов кодексига яна икки марта ўзгартиришлар киритилди.

Референдум комиссияси таркибида аёл ва эркакларнинг тенг вакиллиги таъминланади. Референдумни ўтказишда аввалги сайловлардаги каби аҳолини барча қатламларига, жумладан, ногиронлиги бўлган ва кўзи ожизларга овоз бериш учун керакли шароитлар яратиб берилади.

Шунингдек, низомнинг 87 ва 97-бандларига кўра овоз беришни ташкил қилиш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларида референдум ўтказувчи участка комиссияси фаолияти жойлашган бинода кимлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида алоҳида қоида белгиланган. Унга кўра, тегишли участка комиссия аъзолари, округ аъзолари, МСК, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар, ОАВ вакиллари, референдум участкасидаги овоз берувчи фуқаролар рўйхати бўйича овоз беришда иштирок этувчи фуқаролар бўлиши мумкин.

Мажлисда таъкидланганидек, референдум ўтказувчи комиссия аъзоларининг малакасини ошириш 10 нафар юқори малакали экспертлар гуруҳи шакллантирилади. Мазкур экспертлар томонидан дастлаб референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котиби лавозимларига номзодларни 2 босқичда ўқитиш мақсадида Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, АКТ вазирликлари, Давлат бошқарув акадкмияси, Тошкент давлат юридик университети, Судялар олий мактаби, ИИВ академияси, Божхона институти ҳамда бошқа ташкилотлардан 104 нафар амалиётчилардан иборат республика тренерлар рўйхати шакллантирилади.

Шунингдек, ҳудудий штатлар ёрдамидан фойдаланган ҳолда 944 нафар ҳудудий тренерлар рўйхатини шакллантириш, туман-шаҳарларда ташкил этиладиган штаблар ёрдамидан фойдаланиб, участка комиссиялари раиси, раис ўринбосари ва котибига жами 33 мингга яқин номзодлар рўйхатини шакллантириш белгиланди.

Қайд этилишича, уларни навбатма-навбат июль-август ойларида икки кунлик ўқув дастурига асосан каскад усулидан фойдаланган ҳолда ўқитиш, сайлов участкалари тузилгандан сўнг референдум участкаларининг ўзида қолган 110 минг нафарга яқин участка комиссияларининг бошқа аъзоларини ўқитиш таклифи ишлаб чиқилди.

Кўрсатилган маълумотларга кўра, семинар-тренинглар 3 босқичли бўлади, барча аъзо номзодлар Конституциявий референдум ўтказиш учун тайёргарлик кўрадилар.

«Қонун бўйича, референдум ўтказиш кунини белгилаш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин, уни ўтказиш учун 1 ойдан 3 ойгача муддат белгиланган. Концепция бўйича 3 босқичда ташкил қилинадиган ўқув-амалий машғулотлар кўлами эса катта. Қисқа муддат ичида 140 мингдан ортиқ участка-округ комиссия аъзоларини ўқитиш керак», — деди МСК раиси Зайниддин Низамходжаев.

Мажлис сўнггида барча масалалар бўйича қарор лойиҳалари МСК аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларни референдум йўли билан қабул қилиш таклифини билдирганди