2022 йил сентябрида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган «Буюк ипак йўлидаги адабий фестивали» (Silk Road Lit Fest) тўхтатилмоқда. Бу ҳақда фестиваль ташкилий қўмитаси аъзоси, шоир ва таржимон Аъзам Обидов Facebook`даги саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, аввал бошдан фестивалга ҳамкор сифатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси танланган ва фестиваль директори уюшма раҳбарияти билан келишган ҳолда тайинланган. Бироқ, мазкур катта тадбир бекор қилинмоқда, шоир бунга жамоатчилик эътибор қаратишини сўрамоқда.

Фестивалнинг ташкилий қўмитаси ҳам халқаро тадбир айнан уюшма ҳамкорлик қилишдан бош тортгани учун тўхтатилаётганини қайд этган.

«Ёзувчилар уюшмаси бизнинг Ўзбекистондаги маҳаллий ҳамкорларимиз сафидан чиққанини эълон қилганидан жуда хафа бўлдик. Шу сабабли биз сентябрь ойида Тошкент ва Бухорода режалаштирилган фестивални ўтказа олмаймиз. Биз муқобил келишувлар устида ишлаяпмиз ва тез орада сизга хабар беришга ҳаракат қиламиз. Биз барибир бу йилги фестиваль совринларини ўз эгаларига топширамиз», — дейилади хабарда.

Ташаббус Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчисидан чиққан

Софи Ибботсон. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

2022 йил бошида Ўзбекистондаги бир қанча интернет нашрларида «Буюк ипак йўлидаги адабий фестиваль» ўтказилиши тўғрисида хабарлар тарқалди. Хусусан, ЎзАда эълон қилинган мақолада ушбу халқаро фестиваль Ёзувчилар уюшмаси, Ташқи ишлар ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирликлари, мамлакатнинг Лондондаги элчихонаси ва «Буюк ипак йўлидаги адабий фестиваль» маъмурияти ҳамкорлигида ўтказилиши қайд этилган.

ЎзАга интервью берган Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи Рустам Мусурмоннинг айтишича, 2021 йилда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон уюшмага мазкур фестивални ўтказиш таклифи билан мурожаат қилган.

Шундан сўнг, Ташқи ишлар ҳамда Туризм вазирликлари, мамлакатнинг Лондондаги элчихонаси иштирокида фестиваль ташаббускорлари билан онлайн мулоқот бўлиб ўтган. Унда фестивалнинг ташкилий жиҳатлари ва уни ўтказиш тартиби муҳокама қилинган. Ноябрь ойида эса Софи Ибботсон Ёзувчилар уюшмасига ташриф буюрган ва музокарада тадбир бўйича якуний тўхтамга келинган.

Ушбу халқаро фестиваль ҳар йили Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакатларнинг бирида ўтказилиши, Ўзбекистон мазкур фестивални қабул қилган биринчи мамлакат бўлгани қайд этилган. «Тадбирдан кўзланган мақсад — ўзбек ёзувчи ва шоирлари асарлари учун Европа нашрларига кенгроқ йўл очиш, хорижий ўқувчиларни мамлакатимизнинг бой адабий ва маданий анъаналари ва бугунги куни билан таништиришдан иборат», — дейилади хабарда.

«Буюк ипак йўлидаги адабий фестиваль» доирасида йигирмадан ортиқ тадбирлар ўтказилади. Булар адабий мунозаралар, янги китоблар тақдимоти, долзарб адабий мавзулардаги семинарлардир. Фестиваль бадиий таржима, ўзбек адабий анъаналари, ўзбек муаллифларининг асарларини Европа нашрларида чоп этиш, замонавий шароитларда ноширлик бизнесини ривожлантириш каби масалаларни қамраб олади.

ЎзАда ёзилишича, фестивални Буюк Британия томонидан ташкил этишда «Shute Festival» адабий фестивали маъмурияти, Осиё адабий агентлиги, Осиё ишлари бўйича Қироллик жамияти ва Британия кенгаши иштирок этиши белгиланган.

Шунингдек, Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятига оид асарлар чоп этган хорижлик ёзувчилар, ноширлар, адабий агентлар ва китоб сотувчилари, ўзбек ёзувчи ва шоирлари иштироки кутилаётгани таъкидланган. Жумладан, Британия томони маърузачилар сифатида таниқли тарихчи олимлар — Уильям Далримпл, Питер Франкопан, Ўзбекистонга оид китоблар муаллифи Кэролайн Иден қатнашиши режалаштираётганини маълум қилган.

«Фестиваль баҳона туристлар келса, бунинг нимаси ёмон?»

Аъзам Обидов. Сурат шоирнинг шахсий архивидан олинди.

«Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов мазкур ҳолат юзасидан муносабат олиш мақсадида шоир Аъзам Обидов билан боғланди.

Унинг сўзларига кўра, фестиваль директори Софи Ибботсон Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан келишган ҳолда тадбир дастурини аллақачон ишлаб чиққан. Ҳатто иштирокчилар рўйхати ҳам шакллантирилган. «Фестиваль маъмурияти тадбир масштабини кенгайтириш мақсадида буни Буюк ипак йўли мамлакатларида ҳам ўтказишга қарор қилди ва биринчи давлат сифатида Ўзбекистонни танлади. Улар ҳукуматга таклиф билан чиққан ва бу қўллаб-қувватланган», — деди шоир.

«Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон ушбу фестиваль директори ҳисобланади. У фестиваль ташкилий ишлари сабаб мамлакатга бир неча марта келган. Ёзувчилар ушмаси розилик билдириб, ҳамкорликка тайёрлигини айтган. Софи Ибботсон уюшма билан келишган ҳолда фестиваль дастурини ҳам ишлаб чиққанди. Хориждан камида 50−60 нафар ижодкор келиши кўзда тутилган эди», — дея таъкидлади Аъзам Обидов.

«Аммо тадбирга оз вақт қолганида Ёзувчилар уюшмаси „қатнашчилар ичида ёзувчи, шоирлар йўқ экан, асосан, туристлар киритилибди рўйхатга“, деган важ билан ҳамкорлик қилиш фикридан қайтди. Аслида ундай эмас, — деди шоир. — Иштирок этувчиларнинг кўпи ўз юртида ёзувчи, шоир, таржимон сифатида танилган, Ўзбекистонни ҳам яхши билишади. Фестиваль баҳона Ўзбекистонга туристлар оқиб келса, бунинг нимаси ёмон? Ахир ҳар бир фестивални ўтказишдан асосий мақсад ҳам туристларни жалб қилиш-ку».

«Бу ҳолатни Ўзбекистон учун уятли деб ҳисоблайман»

Шоирнинг таъкидлашича, агар фестиваль ўтказилмайдиган бўлса, бу Ўзбекистон имиджига салбий таъсир этиши мумкин.

«Энг қолоқ бўлган Африка мамлакатларида ҳам халқаро адабиёт фестивалларини ўтказиш анъанага айланган. Ўзим бу каби тадбирларда кўп қатнашаман. Аммо Ўзбекистонда бундай катта халқаро адабиёт тадбирлари йўқ. Фестивал ташаббускори Софи Ибботсоннинг ҳафсаласини пир қилишди», — деди у.

«Фестиваль қўмитаси аъзоси сифатида бу ҳолатни Ўзбекистон учун уятли, деб ҳисоблайман. Бу дегани, катта адабиёти, маданияти, тарихи ва 35 миллион аҳолиси бор мамлакатнинг бундай фестивални ўтказишга қурби етмади, дегани. Бу Ўзбекистон имижига албатта, салбий таъсир кўрсатади. Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлик қила олмаса, бошқа ташкилотлар бор-ку.

«Фестиваль маъмурияти ҳали бир қарорга келгани йўқ. Фестивални эълон қилиб қўйганмиз, кўпчилик хабардор бундан. Шунинг учун кичик форматда бўлса ҳам онлайн кўринишда ўтказамиз, деган қарорга келиш арафасида туришибди. Июль ойи охирида бўлиб ўтадиган онлайн мулоқотда аниқ бир қарор қабул қилинади. Ўшанда уларга фестивални ўзим ўтказиб беришим мумкинлигини айтаман. Агар рози бўлишса, адабиётни қадрлайдиган ва волонтёр ўзбекистонлик дўстларим билан бирга ўтказамиз», — деди Аъзам Обидов.

«Газета.uz» мухбири ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига бир неча марта мурожаат қилди. Аммо улар ҳар сафар ҳолатга тез орада расмий муносабат билдирилишини айтиб, изоҳ беришни пайсалга солмоқда.