28 июль куни ҳукуматнинг 411-сонли қарори билан Ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида сиртқи ҳамда кечки таълимни ташкил этиш тартиби низоми тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
Унга кўра, сиртқи ва кечки таълимга ️сиртқи ва кечки шаклда — бошланғич профессионал, касб-ҳунар коллежи, умумий ўрта (11-синф негизида) ёки ўрта махсус маълумот тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга ўқувчилар қабул қилинади.
Иккинчи ва ундан кейинги квалификация (лар) беришнинг сиртқи ва кечки шаклида — ўқувчилар бир касб ёки мутахассислик доирасида иккинчи ва ундан кейинги квалификация (лар)ни эгаллаш учун тегишли касб ёки мутахассислик бўйича профессионал таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжат тақдим этиши керак.
Уларга ўқувчилик гувоҳномаси бепул берилади. Ўқув семестри якунигача сиртқи таълимда мустақил, шу жумладан, масофадан туриб таълим олиш мумкин.
Кечки таълимда эса ўқиш одатда кундузги сменадан кейинги вақтда аудитория машғулотлари (маъруза, амалий, лаборатория) шаклида ҳамда ўқувчиларни асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда мустақил, шу жумладан, масофадан туриб ўқитиш шаклида амалга оширилади.
Кечки таълимда ўқиш (кундузги таълимдан фарқли равишда) бир ҳафтада, одатда, 4−5 кун бўлади ва ҳафталик ўқув соати ҳажми 20 соатдан ошмайди.
Сиртқи таълим ўқувчиларига ўқув сессиясида иштирок этиши, битирувчи босқич ўқувчиларига якуний давлат аттестацияларидан ўтиши, битирув малакавий ишини ҳимоя қилиши учун ишлаб турган жойидан камида 30 календарь кунлик ўртача ойлик маоши сақланган қўшимча таътил берилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиблар Адлия вазирлигининг юридик техникумларига нисбатан татбиқ этилмайди.