Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш терминалида 1 июлдан бери «Масофавий божхона назорати — божхоначисиз божхона» тизими ишга туширилди.

Илгари аэропорт чегара божхона постида ходимларнинг хизмат фаолияти 4 сменада ташкил этилган. Божхоначилар йўловчиларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказган. Пост орқали 1 кунда ўртача 6−7 минг нафар йўловчи ҳаракатланган.

Постдаги яна бир гуруҳ ходимлар йўловчиларнинг ўзлари билан олиб ўтаётган юкларини божхона текширган ҳамда аэропорт биносида жойлашган бож олинмайдиган савдо дўконлари устидан назорат олиб борган.

Энди эса аэропортда учиб кетадиган йўловчилар ҳақидаги маълумотлар ситуацион марказда улар аэропортга кириб келгунга қадар таҳлил қилинади. Назорат камералари ва парвоз ҳақидаги олдиндан олинган маълумотлар асосида йўловчилар ва уларнинг юклари боди сканер қурилмаси орқали билвосита божхона назоратидан ўтказилади.

Терминалнинг бутун периметри бўйлаб ўрнатилган камералар сабаб божхоначилар уларни масофадан туриб кузатади. Фақат зарур ҳолларда, хусусан шубҳали кўринган йўловчилар учраса, божхона кўригидан ўтказади. Бироқ, бу билан назорат сусайтирилмайди, тизимда инсон омили камайтирилиб, автоматлаштирилади.


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари в.б. Ҳусан Тангриевнинг сўзларига кўра, боди сканер инсон соғлиғига хавф туғдирмайди. Сканер шубҳали кўринган шахслар, хусусан ўзидан жонли контейнер ясаб, тилла ва бошқа қимматбаҳо металлар, гиёҳванд моддаларни олиб ўтмоқчи бўлганларни сезади ва фош қилади.

Бундай назорат тизими ҳозир Тошкент ва Самарқанд халқаро аэропотида йўлга қўйилган.

Маълумот учун, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент халқаро аэропорти чегара божхона постидан 998 та рейсда 155 минг нафарга яқин йўловчи учиб кетган. 98 та фуқаро йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда шахсий кўрикдан ўтказилиб, шундан 2 та йўловчи божхона қонунларини бузган.

Учиб кетиш йўналиши билан ҳаракатланаётган йўловчилар жами 21 та ҳолатда 1 млрд 250,6 млн сўмлик товар моддий бойликларни ноқонуний олиб чиқиб кетмоқчи бўлган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсган. Натижада 1 та жиноий ҳамда 20 та маьмурий ҳуқуқбузарлик ишлари юритилган.