Ўзбекистон карлар жамияти аъзолари БААга ташрифи давомида эшитишида нуқсони бўлган фуқаролар ва сайёҳларнинг ҳаётини осонлаштирадиган инновацион ечимлар билан танишди. Бу ҳақда «Газета.uz»га жамият фаоллари хабар берди.

Ўзбекистонда эшитиши қобилиятини йўқотган инсонлар турли ташкилот ва корхоналарга мурожаат қилишда жиддий тўсиқларга учраб келишмоқда. Саводи сустлиги туфайли улар ёзма алоқада ҳам қийинчиликларга дуч келишади, сурдотаржимонлар етишмовчилиги эса алоҳида мавзу.

Таъкидланишича, БАА ҳам ушбу муаммо мавжуд эди, лекин ҳозирда рақамли технологияларни фаол жорий қилиниб, мамлакат ичидаги эшитишида нуқсони бўлган инсонларнинг ҳаёти яхшиланмоқда. Шунингдек, ногиронлиги бор сайёҳларни қабул қилиб, тўсиқсиз саёҳат қилиш учун шароит яратилмоқда.

Gulf People of Determination Information Technologies (GPDIT) компанияси эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун — Имо-ишорага масофадан (онлайн) таржима қилиш дастурини ишлаб чиққан ва ҳозирда маҳаллий синовлар ўтказилмоқда. Илова Ўзбекистон карлар жамияти вакилларига ҳам маъқул келди, шубҳасиз, бу тажрибани Ўзбекистонда ҳам амалга ошириш имкони мавжуд.


Имо-ишорага масофадан (онлайн) таржима қилиш дастури — бу Android ва iOS учун фойдаланишга тайёр маҳсулот иловаси бўлиб, уни ҳар қандай мамлакатда ва ҳар қандай вазиятда осон мослаштириш ва амалга ошириш мумкин.

«Эшитишида нуқсони бўлган инсонлар саводсизлигининг сабабларидан бири бу — бошқалар билан мулоқот қилишда қийинчиликка дуч келиши, маълумотларнинг етишмаслиги, жамиятда содир бўлаётган воқеаларни ўтказиб юбориш каби мезонлардир. Бу нафақат уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, балки саводхонлигининг заифлашишига, ўз ҳуқуқларини талаб қила олмасликларига олиб келади. Тез ривожланаётган давр уларнинг ҳаётини қийинлаштирсада, инновациялар орқали бу тўсиқларни бартараф этишнинг ягона йўли бор», — дейилади хабарда.

Мамлакатда кўплаб тарихий музейлар, диққатга сазовор жойлар мавжуд. Инклюзив жамиятни яратиш учун бундай технологияларни ривожлантириш ва эшитиш қобилиятига эга бўлмаган ва эшитадиган инсонлар ўртасидаги алоқани соддалаштириш керак, шунда эшитишида нуқсони бўлган инсонлар бошқалар билан бир қаторда ўзларини янада қулай ҳис қилишади.

Фаолларнинг таъкидлашича, июл ойи ўрталарида Ўзбекистонга Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистондан 200га яқин эшитишида нуқсони бўлган сайёҳлар келган. Сурдотаржимонларнинг етишмаслиги сабабли улар диққатга сазовор жойлар ва музейларга ташрифи чоғида сифатли маълумот олишда қийинчиликка дуч келишган. «Музейлар ва бошқа обидалар тарихини батафсил билиб олишга қийналишди», — дейилади хабарда.

Келажакда мобил илова нафақат эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун, балки бизнес соҳаси вакиллари учун ҳам фойдали бўлади, шунингдек, давлат идоралари ходимларини улар билан мулоқот қилишда суҳбатини соддалаштиради.

Ҳозирда Ўзбекистон карлар жамияти фаоллари ушбу дастурни амалга ошириш учун Ўзбекистонда йирик бизнес вакиллари ва давлат идоралари билан музокаралар олиб бормоқда.