Ҳукуматнинг 18 августдаги [458-сонли] қарорига асосан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда, деб хабар берди Norma.uz.

Қуйидагилар илмий-тадқиқот институти фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • атроф-муҳитнинг жорий ҳолатини ўрганиш, ифлослантирувчи моддаларнинг биохилма-хилликка, жумладан, ноёб, йўқ бўлиб кетиш арафасида турган ўсимлик ҳамда ҳайвон турларига таъсирини ўрганиш;
  • ер ресурсларини муҳофаза қилиш, ерлар деградациясига қарши курашиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;
  • ер ости ва ер усти сувлари ифлосланишининг олдини олиш, оқова сувларни тозалаш ва қайта ишлаш бўйича самарали усул ҳамда технологияларни ишлаб чиқиш;
  • атмосфера ҳавосининг жорий ҳолати, ундаги ифлослантирувчи моддаларнинг атроф-муҳит ва табиатга таъсирини таҳлил қилиш, атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтиришни таъминловчи янги, самарали услуб ва технологияларни ишлаб чиқиш;
  • маиший ва турли чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилишни таъминловчи самарали услуб ҳамда технологияларни ишлаб чиқиш;
  • «яшил» ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ва бошқалар.

Институт экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида таянч илмий ташкилот ва давлат буюртмалари бўйича асосий ижрочи ҳисобланади.

Ҳужжат билан 2022−2024 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари дастури ҳам тасдиқланди.

Институтда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузилади. Институт директори ва унинг ўринбосарлари Давлат экология қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Институт директорининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.