Аманбай Оринбаев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига сайланди

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг янги раиси этиб Аманбай Оринбаев сайланди. У аввалроқ ИИВ раҳбари ва Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган. Президент у ўз лавозимида Қорақалпоғистон халқига сидқидилдан хизмат қилиши ва билдирилган ишончни оқлаши лозимлигини таъкидлади. Бунгача Қорақалпоғистон етакчиси бўлган Мурат Камалов «бетоблиги сабабли» лавозимидан озод этилди.

Қорақалпоғистонлик ёшлар учун барча ОТМларга алоҳида 6,5 мингта квота ажратилади

Фақат қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатдаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квотаси ажратилади, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев жума куни Жўқорғи Кенгесдаги нутқи давомида.

Нукус воқеалари негизида аҳоли муаммоларига ечим топилмагани ётибди — президент

Шавкат Мирзиёев икки ой олдинги Нукус воқеалари негизида аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммолари ётганини таъкидлади. «Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар „халқни рози қилиш“ деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», — деди у.

Қорақалпоғистонда фойда солиғи ставкаси 7,5 фоизга туширилади

Шавкат Мирзиёев қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилишини маълум қилди. Жумладан, фойда солиғи ставкаси 15 фоиздан 7,5 фоизга туширилади, айланма солиқ ставкаси Нукусда 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда эса 1 фоиздан 0,5 фоизга пасайтирилади.

Дам олиш кунлари бироз иссиқ бўлади

Дам олиш кунлари мамлакат бўйлаб қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво кузатилади, айрим тоғли ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғирлар ёғади.

Маданият вазирлиги ходими ҳамкасбини пичоқлагани учун 10 йилга қамалди

Апрелда ифторлик вақтида Маданият вазирлиги ходимлари ўртасида ўзаро жанжал юзага келганди. Ўшанда улардан бири ошхона пичоғи билан ҳамкасбини жароҳатлаб қўйганди. Суд айбланувчини 10 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Қуйи Чирчиқдаги боғчада хотинини калтаклаган эр эртаси куни уни ўлдириб қўйди

Қуйи Чирчиқ туманидаги боғчада ўз хотинини калтаклаган эркак кейинчалик уни ўлдиргани маълум бўлди. Бош прокуратура жиноят рашк сабаб содир этилганини айтмоқда. Гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. «Газета.uz» тармоқлар фойдаланувчилари ушбу хабарга билдирган фикрларни бир материалга жамлади. Кимдир бу қилмиши учун унга энг оғир жазони бериш керак деса, кимдир бунга томошабин бўлганлар ҳам айбдор демоқда.

Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб бериш тартиби тасдиқланди

Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизими жорий этилганди. Ҳукумат бу бўйича ҳужжатни тасдиқлаб, ўқувчиларни бепул овқатлантириш тартибини белгилади. Унга кўра, таомнома kundalik.com платформаси орқали юритилиб, махсус комиссия томонидан назорат қилинади.

Ўзбекистонда судьяларнинг совғалар олиши тақиқланди

Судьялар олий кенгаши судьяларнинг совға олишини тартибга солувчи низомни тасдиқлади. Унга кўра, судьялар ва уларнинг оила аъзоларига текин хизматлар ёки мол-мулкдан бепул фойдаланиш, қимматбаҳо совғалар олиш тақиқланади. Низомда рухсат этилган совға миқдори ва жавобгарлик масаласи ҳам белгиланган.

Термиз давлат музей-қўриқхонасида 58 номдаги экспонатлар йўқлиги аниқланди

Термиз давлат музей-қўриқхонасида олиб борилган ўрганишлар давомида 58 номдаги ашёлар музей фондида йўқлиги, 24 таси ўлчами, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланди. Келтирилган зарар қиймати эса қарийб 3,5 млрд сўмга баҳоланди.

АҚШ глобал озиқ-овқат инқирозига жавобан Ўзбекистонга $2 млн ажратади

АҚШ Ўзбекистондаги фермер ва ўғит ишлаб чиқарувчиларга ёрдам кўрсатиш учун USAID агентлиги орқали 2 млн доллар ажратади. Ёрдамнинг мақсади глобал озиқ-овқат инқирози шароитида мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Маданий мерос объектларига ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкин

Жума куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган қонунларнинг дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгилашни масаласини кўриб чиқди.

Ўзбекистонда Сунъий интеллект бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Сунъий интеллект бўйича маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Унга вазир маслаҳатчиси Бобур Раҳимов раҳбарлик қилади. Кенгаш сунъий интеллект ёрдамида амалий тажрибалар ўтказиш ва уларни тезроқ мамлакат иқтисодиётига татбиқ этиш билан шуғулланади.

Ботаника боғинининг фаолияти қайта тикланди

ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказилгани сабабли вақтинча ёпилган Ботаника боғи 26 августдан ташриф буюрувчилар учун қайта очилганлиги маълум бўлди.

Истеъфога чиқарилган ҳарбийлар хизмат муддатидан қатъи назар уй-жой билан таъминланади

Президент қарори билан хизмат вақтида орттирилган касаллик ёки олинган жароҳати туфайли ҳарбий хизматни ўташга яроқсиз деб топилиб, резервга бўшатилган, шунингдек ҳалок бўлган ҳарбийларнинг, уларнинг хизмат муддатидан қатъи назар, оила аъзолари уй-жой билан таъминланиши белгиланди.

Импорт автомобилларни сертификатлашни соддалаштириш режалаштирилмоқда

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳафталигида импорт қилинаётган люкс автомобилларнинг икки баробар қимматлашувига олиб келадиган сертификатлаш жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида фикр юритилди. Молия вазири ўринбосари жараённи соддалаштириш бўйича режалар билан бўлишди.

«Газета.uz» да эълон қилинган мақолалар:

«Шахматчининг диетаси. Қандай қилиб халқаро гроссмейстер бўлиш мумкин?»

44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби, халқаро гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов «Газета.uz» билан суҳбатда бир кунда неча соат шуғулланиши, шахмат доскаси устида 6−9 соатни қандай ўтказиши, овқатланиш рациони, уйқу миқдори, қолаверса, ғалабадан кейин жамоа нималар билан машғул эканини сўзлаб берди.

Қўлланма: Xalq nazorati порталига смартфон орқали қандай мурожаат қилиш мумкин?

Xalq nazorati портали орқали Тошкент йўлларидаги «ямалар», кўп қаватли уйларда лифт бузилиши, дарахтларга зарар етказилиши каби масалалар бўйича мурожаат қилиш мумкин. «Газета.uz» хизмат қандай ишлашини аниқлаш учун смартфондан бешта ариза юборди. Мурожаат йўллаш ва натижалари ҳақида баён этамиз.