Ассалому алайкум. Менинг исмим Зариф Ибрагимов. Мен 1994 йилда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилганман. Математика йўналиши бўйича бакалавр босқичини Ўзбекистонда ўқиб, магистратурани Германиянинг Киль университетида тамомлаганман. Ҳозирда Швейцариянинг Берн университети докторанти ҳисобланаман. «Газета.uz» таҳририятининг «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида чет элдаги ҳаёт тарзим, нега хорижий таълимни танлаганим, ҳозирга қадар бошимдан ўтказган қийинчиликларим ва синовларим ҳақида айтиб бераман.

Мактабга бориш давридан то хорижга келишга қадар ота-онамнинг иш фаолияти сабаб Самарқанд вилоятида яшаганмиз. У ерда 7-синфгача оддий мактабда ўқиб, кейинчалик физика-математикага ихтисослашган мактабда ўқишни давом эттирганман. Ёшлигимдан оилавий муҳит сабаб, ака-опаларим ортидан мен ҳам математикага қизиқиб қолганман. Оилада 4 нафар ўғил фарзанд бўлсак, ҳар биримиз халқаро ёки республика миқёсидаги олимпиадалар совриндори бўлганмиз.

Мен таҳсил олган ихтисослаштирилган мактаб 7-синфдан кейин болаларни имтиҳон асосида танлаб олади. Аҳамиятлиси, 9-синфгача менда асосий қизиқиш тарих фанига бўлган. Мана шу фанда тарихчи эмас-у, лекин ҳуқуқшуносми ёки бошқа, хуллас шу йўналишда ўзимнинг келажагимни кўрмоқчи бўлганман.

9-синфга келиб, математика бўйича Самарқанд вилоят олимпиадасида 1-ўринни олгандим. Математикага кириб келишим шу воқеадан кейин бошланди. Ундан кейин Иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги академик лицейда 3 йил ўқиганман. Лицей халқаро олимпиадаларга тайёрланиш учун яхши шароит яратиб берган. Яхши жамоа бор эди. Бунинг натижасида 2010−2012 йилларда математикадан халқаро олимпиадаларга қатнашувчиларнинг терма жамоаси таркибига кирдим. Хусусан, 2010 йилда Қозоғистоннинг Астана шаҳрида математика бўйича ўтган 51-халқаро олимпиадада кумуш медални қўлга киритдим. Кейинчалик олий таълимнинг бакалавр босқичида Самарқанд давлат университетининг Механика-математика факультетида математика йўналишини тамомлаганман.

Магистратурани хорижда ўқишимга акам сабабчи бўлган

Чет элдаги таълим менда магистратура учун Германиянинг Киль шаҳридаги университетда бошланган. У ерда молиявий математика йўналишида таълимни давом эттирганман.

Биринчи марта хорижга чиқишимга, 2010 йилда лицейда ўқиб юрган вақтим Қозоғистондаги халқаро олимпиада сабаб бўлган. Ўшанда рақобат баробарида хорижликлар билан танишиш, олимпиада қатнашувчилари билан учрашиш имкони бўлган. Олимпиадаларда кўп ҳолат бўлади: ҳар хил университетлар мутахассислари мусобақаларда ўзларига кадр йиғиб юришади. Ўшанда германиялик бир мутахассис билан танишиб қолганман. Шундан кейин 2011 йилда Амстердамга (Нидерландия) халқаро олимпиадага келганимда хорижда ўқиш ҳақида илк таклифларни олганман.

2012 йилда эса Франциянинг Лион шаҳрида халқаро математиклар учун ёзги мактаб бўлиб ўтди ва у ерда дунёнинг кўзга кўринган математиклари, Филдс медали (математикларнинг Нобел мукофоти) совриндорлари бизга маърузалар ўтишди.

Хорижда ўқиш билан боғлиқ маълумотларни ўша вақтда олганмиз. Қолаверса, қўшимча таклифлар ҳам беришган. Лекин бир нечта сабабларга кўра, уларни рад этдим. Бакалаврни барибир Самарқандда ўқишимга тўғри келди. Олган билим ва ютуқлар билан чет элга ўқишга кетиш эҳтимоли юқори эди. Лекин тил олдимдаги тўсиқ бўлган. Бу ҳам бир сабаб эди.

3-курсни тамомлаганимда президент стипендиясини олганман. Бу Ўзбекистоннинг ўзида исталган ОТМнинг магистратура босқичига имтиҳонсиз ўқишга кириш имконини берарди. Кейинчалик, ҳукумат ўзгаргач, ўқиш бўйича шароитлар ҳам ўзгарди. Шундан сўнг, четга бориш, тажриба ўрганиш хоҳиши пайдо бўлди. Магистратурага кетишимга эса акам сабабчи бўлган, негаки, улар хорижда ўқиган ва ишлаётган эдилар. Шундан сўнг, Германиянинг Киль университетига ўқиш учун кетдим.

Фото: Зариф Ибрагимовнинг шахсий архивидан.

Германияда молиявий математика йўналишида ўқиганим сабаб дарслар тўлиқ инглиз тилида бўлган. Немис тилини билиш талаби қўйилмаган. Келишдан олдин IELTS`дан 6,5 балл олгандим. Одатда (ўша вақтда) магистратурага кириш учун камида 6 балл сўраларди. Аввалдан қўшимча дарсларга бориб юрганим ҳисобига 6 ойда 6,5 балл олганман. Бу ерга келгандан кейин сўзлашишда қийинчилик бўлган. Имтиҳонга тайёрланиш бошқа, реал ҳаётда суҳбатлашиб юриш бошқа экан.

«ОТМни бир компания деб оладиган бўлсак, талаба унга мижоз. Бунда дўстона муносабат бўлиши керак».

Менинг соҳага қизиқиб қолишим тарихи узунроқ. 2007−2008 йилда дунёда юз берган иқтисодий инқироз натижасида молиявий математик, менежерларга эътибор ошиб, янада кўплаб университетларда бундай дастурлар пайдо бўлган.

Одатда замонавий университетларда бизникидан фарқли равишда веб-сайтлари «updated» ишлайди. Яъни, ОТМ ҳақидаги хабарлар янгиланиб боради, ўз вақтида берилади. Онлайн ҳужжат топширувчилар учун керакли маълумотлар жойланади. Талаб қилинадиган ҳужжатлар аниқ кўрсатилади.

Қолаверса, бу давлатлар таълим тизимида фундаментал фарқлар бор десам, хато бўлмаса керак. Киль университетида Молиявий математика йўналишида ёки Швейцариядаги Берн университетида «Numerical Mathematics» (Ҳисоблаш математикаси) йўналишида PhD ёқлаётган бўлсам, ҳар иккаласида ҳам «teaching assistent» бўлганман. Соҳада магистратура талабалари яхши ўқиётган бўлса, бакалавр талабаларига амалиёт дарсларини ўтиши мумкин. Маърузаларни эса профессор ўқитувчилар ўтади. Германиянинг Киль университетида ҳам, Швейцариянинг Берн университетида ҳам шундай эди. Докторантлар, табиийки, дарс ўтиши керак бўлади. Бу бизнинг вазифаларимизга киради.

Teaching assistentship- энг асосийси, CV учун яхши фойда келтиради. Бу ишни бажаряпсизми, демак, сиз университетнинг топ талабаларидан бўласиз. Қолаверса, билимлар мустаҳкамланади, тажриба орттирилади.

Бундан ташқари, бу ерда ҳамма талабалар ва ўқитувчилар дўстона муносабатда. Улар бир-бирига бўйсунишга мажбур эмас. Менимча ҳам шундай бўлиши керак. Чунки ОТМни бир компания деб оладиган бўлсак, талаба унга мижоз. Мана шу нарса ҳам биздан фарқ қилади деб ўйлайман.

Лекин мен бу ердаги тўлиқ тизимни бизникидан яхши, бизда ёмон дейишдан йироқман. Яна бир асосий фарқи, илмий ишлар масаласи. Ўзбекистонда илмий ишлар дунё билан ҳамоҳанг кетмаяпти. Дунё билан рақобат масаласи орқада.

Умуман, ташкилий фарқларга келсак, бу ердаги мактаблар (коллеж, лицей ҳам улар қаторига киради) билан олийгоҳлар ва Ўзбекистондаги тизим ўртасида унча катта фарқ кўрмайман.

Фото: Зариф Ибрагимовнинг шахсий архивидан.

Хориждаги ОТМга ҳужжат топшириш учун deadline`лардан анча олдин ҳаракат қилиш лозим

Хорижга ўқишга кетиш учун аввало, йўналишни аниқлаб олиш керак. Кейин қайси ҳудудларга боришни маъқул кўрасиз: АҚШ, Европа ёки Осиё мамлакатлари. Бунда энг осон йўли — интернетга кириб, йўналиш бўйича қидирув бериш ва маълумотлар олишдир.

Қолаверса, бошқа давлатдан бўлганингиз учун ҳужжатларингизни ўтиш ёки ўтмаслиги масаласи бор. Мисол учун, бакалаврда ўқиш учун чет элга кетаётган одамнинг мактаб ёки бошқа муассасани битирганлик дипломи ёки аттестацияси тўғридан-тўғри ўтадими ёки йўқ, мана буни албатта, суриштириб кўриш керак. Мисол учун, тиббиёт, ҳуқуқшунослик ва бошқа шу каби нозик соҳалар бор. Бу йўналишларнинг дипломлари одатда тўғридан-тўғри тан олинмайди. Чунки ҳамма давлатнинг ҳам ўзига яраша тиббиёт соҳаси ва қонунлари мавжуд.

Германияга бакалавр учун ўқишга келаётганлар яхши билади: Ўзбекистоннинг мактаб аттестатлари Германияда тўғридан-тўғри қабул қилинмайди. Бунинг учун аввал бир йиллик курсни тамомлаб кейин ўқишга топширишга тўғри келади.

Умуман олганда, барчасини режалаштириш, «deadline» (белгиланган сўнгги муддат)лардан анча олдин ҳаракат қилиш лозим. Масалан, дейлик, сентябрда магистратурада ўқишни бошламоқчисиз. Бунинг учун бир йил олдин — сентябрь ойида ҳаракатни бошлашингиз керак. Шу вақт ичида IELTS ва бошқа ҳужжатларни тайёр қилиб, уларни топшириш ҳаракатида бўлишингиз даркор.

Мисол учун, одатда Германиядаги университетларда октябрь ойигача биринчи қабул бўлади. Биринчи ўзларига керакли бўлган талабаларни декабрга қадар саралаб олишади, ундан сўнг, «яна қанча талаба олишимиз мумкин?», деб аниқлаштиришади. Баҳорда иккинчи қабул бўлиб ўтади. Агарда сиз биринчи қабулда топширган бўлсангиз, қабул қилиниш имкониятингиз ошади. Агар иложи бўлмаса, баҳорда топширишингиз керак. Акс ҳолда, омад кулиб боқмайди, бу ерда истисно ҳолатлари ҳам бўлиши мумкин.

Қолаверса, талабгор хориждан бўлгани учун бошқа ҳужжатлар ҳам талаб этилади. Университет сизга таклиф хати юборади, унга қўшиб сиз VISA`га ҳужжат топширишингиз керак. Веб-сайтда «биз уч ҳафтада сизнинг ҳужжатингизни кўриб чиқамиз» дейилиши мумкин, бироқ бу вақтда VISA берилади дегани эмас. Яна қўшимча маълумот сўрашлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунингдек, университет элчихона билан гаплашади. Бу кўпроқ вақт олиши мумкин.

Шунинг учун вақтидан илгарироқ ҳаракат қилиш талаб этилади. Бирор-бир гранд ёки стипендия асосида ўқишни истаганлар айниқса, эртароқ отни қамчилаши керак.

Менинг фикримча, ҳар бир соҳанинг мутахассиси айнан ўзининг соҳасида қолиши керак. Масалан, бир кучли математик пойдевори бўлса-ю, илмий иш қилишга лаёқати бўлмаса, айрим сабабларга кўра, бошқа соҳага ўтиб қолиши керак эмас. Шароит сабабли «Математик бўлсам, қаергача бораман? Нима қиламан?» деган саволнинг дастидан жуда кучли кадр бўлиш потенциалига эга бўла туриб, бошқа йўналишга ўқишга кириб кетганларни кўп кузатганмиз.

Ҳаммаси вақт ўтиши билан ўз ўрнига тушади

Хорижга келганимдан кейин энг қийини ўқиш эмас, балки яшаш масаласи бўлди. Хорижда менталитет, муҳит бошқа. Буни ҳеч қурса, Ўзбекистонда яшаб туриб, бошқа шаҳарга кетганлар яхши тушунади.

Хорижга келгач, жой топишингиз, ҳаётни ўзига яраша бир маромда йўлга қўйиб олишингиз керак. Бундан ташқари, тил масаласи ҳам бор. Ўқишдаги домлалар ҳам ҳар хил оҳанг ва талаффузда сўзлашади. Ўзбекистондаги инглиз тили ўқитувчилариникига ҳеч ҳам ўхшамайди. Тушуниш қийин бўлади, улар билан эркин мулоқот қилишнинг ўзига 1−2 ой кетиб қолиши мумкин. Булар ҳам вақт ўтиши билан ўрнига тушади.

Даромад ва ўзингизни таъминлаш

Германияга ўқишга келишда сиздан VISA берилишидан олдин шу давлатдаги банкда 1 йиллик ҳисоб рақамини очиш ва пул қўйишни талаб қилишади. Бунда 1 ойлик минимал пул миқдори 800 евродан зиёдроқ бўлиши керак. Сиз пулни банкка қўясиз ва блоклайсиз. Банк ҳар ой сизга шу пулни бериб туради, яъни, бу VISA учун кафолат. Ёки Германиянинг қайсидир грантига эга бўлишингиз керак.

Масалан, мен «Deutschlandstipendium» дастури ғолиби бўлганман. Унда ойига 300 евро стипендия беришарди. Табиийки, бу билан 1 ой яшаб бўлмайди. Шу сабаб биринчи семестр давомида қолган харажатларимни ўзимнинг ҳисобимдан қоплаганман. Иккинчи семестрдан бошлаб ассистентликдан даромад топганман. Биринчи ойлигимни 2018 йилнинг март ойларида олгандим — 500 евро бўлган.

Четга кетгунимга қадар Ўзбекистонда тюторлик қилардим. Даромадим Германиядагидан 2−3 баравар кўп эди. Бу ерга келиб, бошида қайтанга даромад масаласида пастга тушганмиз (кулади). Дарсларни эса ҳозир ҳам онлайн тарзда давом эттиряпман.

Фото: Зариф Ибрагимовнинг шахсий архивидан.

Германияни кўрдик, Why not Switzerland?

PhD ёқлашни истаган талабада ҳар доим ҳам магистратурадан сўнг мос вариант бўлмаслиги мумкин. 2018 йилнинг баҳорида Берлиндаги TTMZero номли компанияда 1 йиллик стажировка ўтаганман. Бу ерда тўлиқ режимда ишлаганман. Йил давомида университетдаги охирги семестрда ўқиш бўйича тезисни илмий раҳбарим билан алоқада бўлиб туриб, ўзим ёзганман. Якунлагач, PhD`ни ёқлаш ниятим бўлгани учун йўналишимга яқин соҳалардаги позицияларни қидира бошлаганман. Германиянинг ўзида қолсам ҳам бўларди. Лекин атрофдаги қанча кўп позицияларга ҳужжат топширсангиз сизда шунча кўп қабул қилиниш имконияти пайдо бўлади. Шу сабабли мен Швейцариянинг Берн университетини танлаганман. Бегона эмас, ўзимиздан ҳам у ерда ишлайдиган, ёши катта, тажрибали мутахассислар бўлган.

Қолаверса, бир кун барибир Ўзбекистонга қайтиб кетаман. Германияни кўрдик, энди «Why not Switzerland? (Нима учун Швейцария ҳам эмас?)» дейди-ку (кулади). Бу ерни ҳам кўрайлик, ўрганайлик деган маънода келганман.

Гендер тенглик масаласида ҳам ўз фикримни айтадиган бўлсам, Берн универистетидаги гендер тақсимотида талаба аёллар кўп, лекин даража юқорилаган сари улар анча камайиб кетган. Ва бунга бир нечта сабаблар бор деб ўйлайман:

  • Академияда эркаклар сони кўпроқ. Чунки ўқишни битирганларга иш топиш учун танлов юқори. Масалан, академияда қолишдан ташқари, саноат соҳаси, банк, компаниялар ёки фирмаларга ишга ўтиш имконияти кўпроқ.
  • Бошқа соҳадаги иш академиядан фарқ қилади. У ерда маълум фаолият билан банд бўласиз. Академияда эса илмий иш қилиш лозим, бунинг учун эса соҳада яхши фундаментал билим талаб этилади. Қайсидир маънода бу кўпларга зерикарли туюлиши мумкин. Шу сабабли аёлларнинг ўзи бошқа йўлни танлайди. Қолаверса, бунга академияда иш ўрни камлигини ҳам қўшиш мумкин. Ҳозир эса уни кўпайтиришга ҳаракат қилиняпти.
  • Бундан ташқари, оила масаласи ҳам сабаб бўлиши мумкин. Лекин унинг ҳиссаси бошқа сабабларга қараганда камроқ. Бу ердаги менталитетга кўра, оила ривожига эркак ва аёл тенг ҳисса қўшади. Фақат оила сабаб иш ва карьерани ўзгартириш ҳолатлари кам учрайди.

Ҳа айтганча, PhD ёқлаётганимга 2 йилдан ошган бўлса, ҳали академияда бошқа бирор ўзбекни учратмадим. Балки, бордир. Лекин ҳали мени йўлимда учрамади. Фақат уйда ўзбекча гаплашаман (кулади).

Хорижга келганимдан сўнг, нимадир сабаб бўлиб, эртагаёқ Ўзбекистонга қайтаман деган ҳолатлар, шахсан менда бўлмаган. Чунки, келишимдан олдин ўз олдимга аниқ мақсад — ўз йўналишимда малакамни ошириш, қолаверса, бор билимларни жамлаб, ватанга олиб қайтиш бўлган. Оила соғинчи эса бутун бошли, алоҳида мавзу.

Қолаверса, кўпчилик хорижга келгач мақсадлари ўзгарганини таъкидлайди. Менда режа ва мақсадлар умуман ўзгармаган.

Фото: Зариф Ибрагимовнинг шахсий архивидан.

Кўпчиликдан хорижга кетишда оила аъзоларининг розилик бермаслиги тўсқинлик қилиши ҳақида эшитганмиз. Шахсан биз оила аъзоларим, ота-онамга режа ва мақсадларимизни тўғри тушунтириб беролганмиз, шу сабабли бу қароримизни қабул қила олишган. Бироқ «қайтиб келиш» талаби билан. Яқинларим чет элда ўқиш мақсадимга — ютуқ сифатида қарашган. Ҳозирда бу ерда оилам билан яшайман. Бир нафар фарзандим бор.

— Насиб бўлса, PhD`ни тамомлагандан сўнг, албатта, Ўзбекистонга қайтаман. Айтишади-ку:

Отам ўсган тупроқ бу, онам ўсган тупроқ бу

Кўзга суртай гардини, болам ўсган тупроқ бу.

Менинг шахсий фикрим, ҳар бир инсоннинг маълум бир халқнинг вакили бўлиб туғилишидан битта маъно бўлса керак. Бу ерда қолиб яшашга сабаблар кўп. Лекин «яхшироқ шароит»ни кўриб, бутун умрни чет элда ўтказишга — умр қисқалик қилади.

Қолаверса, ёшлик чоғимдан шу соҳага қизиққаним учунми, 16−17 ёшимиздан дарс ўтишни бошлаганман, ва бу менга жуда ёқади. Чет элга келган бўлсак ҳам «досканинг олдида аудиторияга қараб туриш» қобилияти ҳалиям бор. Келажакда албатта, халққа қайси соҳада энг кўп фойдамиз тегса, шу соҳада ишни давом эттирамиз. Ҳозир аниқ келажакни айтиш қийин, лекин, педагог сифатида фойдам кўп тегса, шу йўналишда кетаман.

Халқаро олимпиадалар ҳақида

Энди халқаро математика олимпиадаси ва унга тайёрланиш жараёнларига тўхталсам. Умуман, математика йўналишини танлаган бола тайёрланишни эртароқ бошлаши керак. Ҳар бир фандан олимпиада мактаб дарслигидан ташқари бошқа маълумотларни ўрганиб, ўз устида ишлашни талаб этади.

Миллий терма жамоа сафида олимпиадаларга тайёрланиш ва бориш бизнинг вақтимизда ҳам давлат томонидан қопланарди. Лекин шундай вақтлар бўлиб қоларди-ки, айрим йилларда шунча тайёргарлик кўрилган вақтда ҳам қайсидир сабабларга кўра олимпиадага боролмасдик. Ҳозир бундай ҳолатлар йўқ. Аввал давлат бир йилда битта олимпиада харажатини қоплаб берган бўлса, ҳозир бир нечта олимпиадалар учун маблағ ажратяпти, имконият яратиб беряпти. Масалан, ҳозир тайёргарлик ҳам пухталашди. Хориждан мутахассислар чақириляпти. Уларнинг иштирокида махсус тренинглар ўтказиляпти. Агар совриндор бўлса, имтиёзлар аввал ҳам бўлганкуя, масаланинг асосий томони бўлмаса ҳам молиявий мукофотлар бериляпти. Бу болаларни қизиқтиради. Шунинг учун умумий таққослаганда ҳозир имкониятлар анчайин яхши.

Кўпчилик Ўзбекистонда математика фанини ўқитиш бўйича қайси ҳудудлар кучли эканлигига қизиқади ва ўша ерга фарзандини юбориб ўқитадиганлар ҳам топилади. Менинг ўзим Самарқанд мактаби тарбияланувчиси бўлсам ҳам, халқаро олимпиадачи бўлиб етишиш учун энг яхши шароитлар Тошкент шаҳри ва Бухорода. Ундан кейин Самарқанд ва Фарғона, Хоразм математика мактаблари ҳам шулар қаторида. Умуман бу фикримга бошқа математиклар қўшилса керак.

Пойтахтни киритганим сабаби, кўпчилик яхши кадрлар Тошкентга бориб ўқишади. Шу сабабли улар пойтахт номидан чиқади.

Математика бўйича таълим берувчи педагоглар орасида чет элда малака оширганлар бўлмаса керак. Менимча, уларнинг барчаси маҳаллий мутахассислар. Сабаби, мендаги маълумотларга кўра, мустақиллик пайтларидан бошлаб ва ундан олдин ҳам Хоразм, Бухоро, Самарқанд мактаблари математика, физика йўналишида кучлироқ бўлган. Ҳозирги ўқитувчилар шунинг қолгани ва давоми деб ўйлайман.

Математиканинг фойдаси бўлса борки, зарари йўқ. Шунинг учун ҳам бошқа фанларни билмадим-ку, лекин ОТМларга кириш тестларида математика фани мажбурий қилиб қўйилганини қўллаб-қувватлайман. Менимча, бу фаннинг қўшилишида жаҳон тажрибаси ўрганилган. Тўғри, бутунлай кўчириб олиш, яхши эмас, лекин, ўйлашимча, бу айнан математикани билиш керак, мажбур деган маънода қўшилмаган.

Инсонда IQ (интеллект коэффициенти), билим даражасини аниқлайдиган факторлар бор. Масалан, ота-она боласини ёшликдан «математик бўлсин!» деб менталь арифметикага бермайди. Бундан мақсад боланинг фикрлаш, ўйлаш қобилиятини шакллантириш ва тезлаштиришдан иборат.

Тестга ҳам шундай қараш керак. Айтишадику, «математикани яхши ўқиган бола қолган йўналишларни ўзлаштиришга қийналмайди», деб. Яъни, «математика сенга келажакда керак бўлади» маъносида эмас, фикрлаш қобилиятини оширишда ёрдам бергани учун, «шунга ҳам эътибор берсин» маъносида қўйилган деб ўйлайман.

Фото: Зариф Ибрагимовнинг шахсий архивидан.

Эътиборлиси, математика йўналишидаги мутахассисларга Нобел мукофоти берилмайди. Бунга айрим: «Нобелнинг ўзи ёқтирган инсони математикка турмушга чиқиб кетгани учун бу соҳадагиларга беришни истамаган», деган ҳазиломус фикрларни эшитганман. Лекин бунинг аниқ асосий сабабини билмайман.

Юқоридаги гапда ҳам жон бор ёки йўқлигини ҳам билмайман. Соҳада энг катта соврин бу «The Fields Medal» ҳисобланади. У фақат саноқли кишиларга берилади. Бу худди сизнинг танишларингиз орасида бирор спортда олимпиада чемпионлари кам учрагани каби саноқли.

Агар мендан «сиз учун ҳаётдаги энг катта аксиома (исботсиз факт) нима?» деб сўрасангиз қуйидагича жавоб берган бўлардим:

  • Қадриятлардан воз кечмаслик, ўзлигини йўқотмаслик керак.
  • Мен кўрган ҳозирги Германия ёки Швейцарияни ҳозирги ёшлар қургани йўқ.
  • Ривожланган давлат бўлиш учун бадал тўлаш керак.
  • Вақт чегараланган.

«Суриш керак» дегувчиларга

Шахсий фикрим шундан иборатки, «одам бўлмаймиз», «суриш керак» дегувчилар четга кетгани билан ушбу муаммо ечилиб қолмайди. Яъни, ривожланган давлат бўлишнинг ўзига яраша бадали бор. Бу бадални халқ сифатида тўлаш керак. Давлатлар ўзидан-ўзи ривожланиб қолмайди-ку, бунда ҳам ўзига яраша босқичлар мавжуд. Масалан, ҳозирги Германияни ёки Швейцарияни ҳозирги ёшлар қурмаган. Уни билиш учун ўрта ёш вакилларининг суҳбатини олиш, тарихий вазиятларни таҳлил қилиш керак.

Бундан ташқари, тил билиб бошқа давлатларга бориб, янги нарсаларни ўрганиш яхши. Фақатгина ўзимизнинг жамиятдан чиқмай туриб, ривожланиш қийин масала. Энг асосийси — аниқ мақсад билан четга кетиш ва албатта ортга қайтиш керак!