Ижтимоий тармоқларда Lacetti автомобили Тошкент йўлларида қарама-қарши томонига чиқиб ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди. Унда йўлнинг сезиларли даражада тирбанд бўлгани ҳамда ҳайдовчи мунтазам равишда йўлакларни ўзгартирганча доимий авария ҳолатини вужудга келтирганини кўриш мумкин.
Тошкент ИИББ видео бўйича муносабат билдирди. Ҳодиса 24 август куни тахминан соат 22.20 ларда содир бўлган. Ҳайдовчи Ж.М. (1986 й.т.) Lacetti автомобилини (01M 701 CA) тегишли ҳужжатларсиз, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда бошқарган.
Фото: Telegram
Ҳуқуқбузарлик содир этган Ж.М.га нисбатан Ўзбекистон МЖтКнинг 128 прим 5-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши), 135-модда (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва 194-модда (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига тақдим этилди.