Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ)нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича дастури координатори Гулноза Саид 30 август куни эрталаб Ўзбекистонга киритилмади. Бу ҳақда қўмита ўз сайтида маълум қилди.
Хабарда айтилишича, аэропортда беш соатга яқин вақт ўтказгандан сўнг Гулноза Саиднинг мамлакатга киришига рухсат этилган, аммо расмийлар томонидан дастлаб нима учун киритилмагани бўйича изоҳ берилмаган.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди унинг мамлакатга киришига рад жавоб берилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлгач, «зудлик билан Ўзбекистонга кириш ва чиқиш масалаларини тартибга солувчи давлат органларига бу борада тегишли сўров билан мурожаат қилгани»ни билдирди. «Олинган маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу масала ҳал этилган ва Гулноза Саидга мамлакатга кириш учун рухсат берилган», — дейилади хабарда.
Гулноза Саиднинг (АҚШ фуқароси ҳисобланади) CPJ сайтида келтирилган сўзларига кўра, иммиграция хизмати ходимлари унга тизим унинг мамлакатга кириши тақиқланганини кўрсатаётгани ҳамда ортга — Нью-Йоркка қайтиб кетиш учун 1 сентябргача аэропортда қолиши кераклигини айтишган.
CPJ мамлакатга киришга қўйилган тақиқни Гулноза Саиднинг журналистларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти учун уни қўрқитиб қўйишга қаратилган таъқиб шакли деб атади.