Президент қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида қатнашди (фото)

31 август тонгида Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди. Қолаверса, давлат раҳбари «Янги Ўзбекистон» боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Кечга яқин мустақилликнинг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтади.

Давлат хизматлари марказларида «права»ни алмаштириш вақтинчалик тўхтатилади

ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тизимида «Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими»ни жорий этди. Тизимдаги профилактик ишлар сабаб ЙИДХП ва Давлат хизматлари марказларида эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш вақтинча чекланади.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Туркистон вилоятига ҳокимлик қилади

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Дархон Сатибалди Туркистон вилояти ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда қўл остидаги ходимнинг коррупцияси учун истеъфога чиққан Умирзоқ Шукеевнинг ўрнини эгаллади.

ДХХ Зангиота туман ҳокимлиги ходимини ҳибсга олди

Зангиота туман ҳокимлиги ходими икки фуқарони Қирғизистонда ўқиётгани ҳақидаги сохта ҳужжат тайёрлаб, кейин ўқишини пойтахтдаги ОТМга кўчириб беришига ишонтиргани айтилмоқда. ДХХ ўтказган тезкор тадбирда гумонланувчи 18 минг долларни олганида ушланди. Шунга ўхшаш яна икки ҳолат аниқланди.

2022 йилда ишбилармон хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қўшимча 1 трлн сўм ажратилади

2022 йилда хотин-қизларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун қўшимча 1 триллион сўм ажратилади, дея маълум қилди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси. Шунингдек, соҳа ривожи учун халқаро молия институтларидан $300 млн жалб этилиши режалаштирилмоқда.

CPJ вакилининг Ўзбекистонга киришига рад жавоби берилди, бироқ кейинроқ рухсат этилди

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) дастури координатори Гулноза Саиднинг Ўзбекистонга киришига рад жавоби берилиб, ортга — Нью-Йоркка қайтариб юбормоқчи бўлишди. Бироқ Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди аралашуви билан унинг мамлакатга киришига рухсат этилди.

«Саховат» ва «Мурувват» уйлари ҳамда республика пансионати Давлат божхона қўмитасига бириктирилади

Президент қарори билан «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати ДБҚга бириктирилади. Юклатилган вазифалар қўмитанинг махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Сентябрь ойининг биринчи беш кунлиги иссиқ бўлиши кутилмоқда — Ўзгидромет

Ўзгидрометнинг маълумот беришича, 2−4 сентябрь кунлари ҳаво ҳарорати шимолий ва марказий вилоятларда +39 даражагача, жанубий вилоятларида эса +40 даражагача иссиқ бўлади.

«Kinematografiya fidokori» кўкрак нишони таъсис этилди

Ҳукумат қарори билан «Kinematografiya fidokori» кўкрак нишони таъсис этилди. У билан миллий кинематография соҳасини ривожлантириш, бадиий ва ғоявий жиҳатдан етук фильмлар яратиш, миллий фильмларни кенг тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшган шахслар тақдирланади.

Тошкентда автомобиль уриб юбориши натижасида пиёда ҳалок бўлди

30 августда пиёда юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган Nexia-3 автомобили уриб юбориши оқибатида воқеа жойида вафот этди. ЙТҲни содир этган шахс Тошкент шаҳар маъмурий суди судьясининг катта ёрдамчиси экани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.