31 август куни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Белгиланишича, давлат ташкилоти томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ҳар йили 1 мартгача баҳоланади.
Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, давлат ташкилоти фаолиятидаги (вазифа ва функциялардаги) коррупциявий хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбалари асосида аниқланади.
Коррупциявий хавф-хатарларнинг даражаси паст, ўрта, юқори ўлчовларда баҳоланади.
Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш натижалари асосида давлат ташкилотининг умумлаштирилган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ишлаб чиқилади ва «E-anticor.uz» электрон платформасига ҳар йили 1 февралга қадар киритилади.
Платформада жойлаштирилган давлат ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харита лойиҳалари асосида автоматик равишда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилади.
Давлат ташкилоти раҳбари ҳар йили 1 мартгача коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурини «E-anticor.uz» электрон платформаси орқали тасдиқлайди.
Аввалроқ 1 февралдан бошлаб 26 та давлат ташкилот ва органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг жорий қилиниши ҳақида хабар берилган эди. Рўйхатдан 11 та вазирлик, 4 та давлат қўмитаси, 7 та агентлик ва 4 та ҳокимият ўрин олган ва уларнинг фаолияти 5 та индикатор асосида баҳоланади.