Олий судининг судлов ҳайъати Гулжаҳон Йўлдошеванинг ишини апелляцияда такроран кўриш учун ЖИБ Тошкент вилояти судлов ҳайъатига қайтариб юборди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Гап шундаки, судланувчилар Тошкент вилояти собиқ бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди томонидан 2021 йил 5 апрелда чиқарилган ҳукмдан норози бўлиб, апелляция шикоятини киритганди. Шунингдек, у билан бирга ушбу жиноят иши қатнашувчилар Ж.Зиядуллаев, А.Дадаматов ва Ж.Акимовалар ҳам арз қилган.

Жумладан, Гулжаҳон Йўлдошева шикоятида, унга оид жиноят иши бўйича уни айбловчи етарли далиллар мавжуд эмаслигини, дастлабки тергов ва суд мажлислари бир томонлама, фақат уни айблаш тарафидан олиб борилганлиги, унинг айбсизлиги ҳақида важлар келтириб, суд қарорларини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Олий суд судьялари И.Рахманкулов, Ш. Тожиев ва Д.Жўраевдан иборат судлов ҳайъати ЖИБ Тошкент вилояти судлов ҳайъатининг 2021 йил 23 ноябрдаги ажримида ЖПКга зид ҳолатларни аниқлади.

Апелляция инстанцияси суди ишни кўришда ЖПКнинг 22, 23, 95, 112, 464, 467-моддаларида белгиланган талабларига риоя қилмаган. Жумладан, ҳақиқатни аниқлаш, айбсизлик презумпцияси принципларига ҳамда айблов ҳукми чиқариш асосларига риоя қилмасдан, жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текширмаган, дейилади хулосада.

Қолаверса, иш материалларида маълум бўлиб қолган кам-кўстни тўлдирмаган, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларни бартараф этмаган, судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини, шунингдек, ҳар бир далилни ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоламаган.

Бундан ташқари, вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси бемори Ф.Рустамов Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилиши оқибатида вафот этган ҳолат юзасидан Гулжаҳон Йўлдошева ҳужжатларни сохталаштириш бўйича топшириқ берганлиги тасдиқланмаган. Ушбу эпизод бўйича ЖКнинг нормалари тўғри қўлланилган-қўлланилмаганлиги юзасидан хулоса апелляция инстанция судининг ажримида мавжуд эмас.

«Бундай ҳолда апелляция инстанцияси судининг ажримини қонуний ва асосли деб бўлмайди», — дейилади Олий суд судлов ҳайъати ажримида.

Судлов ҳайъатининг ажримига кўра, Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 23 ноябрдаги ажримининг Г.Йўлдошева, Ж.Зиядуллаев, А.Дадаматов ва Ж.Акимоваларга оид қисми бекор қилинди. Жиноят ишининг шу қисми янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилди. Шундан келиб чиқиб, кассация шикоятлари қисман қаноатлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоят вилоят бош инфекционисти 8 сентябрь куни Чирчиқ шаҳридаги гўзаллик салонида ушланган ва бир кун ўтгач, суд қарори билан ҳибсга олинган эди. У судланувчи сифатида 167-модданинг 3-қисмининг «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жуда кўп миқдорда) ва 207-модданинг 3-қисмининг «а» банди (Мансабга совуққонлик билан қараш одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбланувчи сифатида жиноий ишга жалб қилинган. У ўшанда 250 млн сўмдан зиёд маблағларни ўзлаштирганликда айбланганди.

Саида Мирзиёева Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жазо чорасини ўзгартиришни сўрагач, у уй қамоғига ўтказилганди. Ўшанда худди шундай сўров Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам билдирилганди.

Суд жараёнида Гулжаҳон Йўлдошева судда берган кўрсатувлари давомида дастлабки тергов органи томонидан айблов асоссиз қўйилганини таъкидлаганди. Қолаверса, Фаррух Рустамовнинг ўлимига алоқаси йўқлигини, шифохонадан олиб кетилаётганида уйда, фарзанди бетоблиги боис унинг олдида бўлганини маълум қилганди.

ЖИБ Чирчиқ шаҳар суди 2021 йилнинг 5 апрелида Гулжаҳон Йўлдошевани ЖКнинг 25,167-моддаси 3-қисми «а» банди билан реабилитация қилиб, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а», «б», «в», «г» бандлари, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топганди.

Унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди. Гулжаҳон Йўлдошевага сутканинг соат 22:00 дан 6:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиши чекланганди.