Uzbekistan GTL заводида жаҳон тарихида илк бор, халқаро стандарт (ASTM D-7566) ва техник талабларига мос бўлган синтетик авиакеросин маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, синтетик керосиннинг 23 та асосий физик-кимёвий ва техник параметрлари тўлиқ талаб даражасига етказилган. Асосий параметрлардан бири бўлган музлаш ҳарорати халқаро стандарт талаб даражасига (-47 даража) етказиш ишлари якунланди.

Бугунги кунга қадар, Uzbekistan GTL заводи томонидан IAТA, ASTM International, Def Stan халқаро ташкилотларининг авиация ёқилғиси учун хом ашё сифатида GTL керосинини синтетик компонент сифатида фойдаланишга рухсат этилганлиги тўғрисида ижобий хулосалар олинган, дейилади хабарда.

GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик керосинининг биринчи партияси намунаси олиниб, халқаро авиасоҳани тартибга солувчи ташкилот (IATA) тавсиясига кўра, мувофиқлик сертификатини олиш учун SGS компаниясининг Эстония, Бельгия ва Франциядаги лабораторияларига таҳлил ва тегишли хулоса олиш учун юборилди.

Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб бориш натижасида маҳсулот таннархининг арзонлашишига эришиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси орқали сотувга жойлаштириладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннаси бошланғич нархи 13 млн 897 минг 109 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ заводда илк синтетик дизель ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганди.