ШҲТ саммитига оид янгиликлар

Эмомали Раҳмон ва Сердар Бердимуҳамедов ҳам Самарқандга келди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келди. Икки президентни ҳам бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга келди. Мазкур меҳмонни ҳам Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой темир йўл лойиҳаси бўйича битим имзолади

«Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўллар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни кенгайтиришга хизмат қилади. Лойиҳа қарийб 20 йил давомида муҳокама қилинган.

Эрон ШҲТга аъзо бўлиш мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумни имзолади

Самарқандда ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун Эроннинг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум қабул қилинди. Ҳужжатга мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва ташкилот бош котиби Чжан Минг имзо чекди.

Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин музокаралар ўтказди

Самарқандда ХХР раисини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида давлатлар раҳбарлари ўзаро ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашди. Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни «Дўстлик» ордени билан мукофотлади. Ўзбекистон етакчиси жавоб ташрифи билан Хитойга таклиф қилинди.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 15 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида имзоланган ҳужжатлар орасида «яшил» тараққиёт соҳасида сармоявий ҳамкорлик, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳам бор. Савдо ва сармоявий битимлар ҳажми $15 млрдни ташкил этади.

Ўзбекистон ва Покистон Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштиришга келишиб олди

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Дастлаб у Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди, сўнгра Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Унда Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш ва савдо учун тўсиқларни бартараф этиш муҳимлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко учрашув ўтказди

Самарқанддаги ШҲТ саммитида қатнашиш учун Беларусь президенти ҳам етиб келди. Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко музокаралар вақтида шерикликни изчил кенгайтириш, халқаро ва минтақавий сиёсат юзасидан фикр алмашди. Ўзбекистон томони иккинчи Ҳудудлараро форумни ўтказишни таклиф қилди.

Ўзбекистон ва Покистон Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштиришга келишиб олди

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Дастлаб у Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди, сўнгра Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Унда Трансафғон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш ва савдо учун тўсиқларни бартараф этиш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Яван ГЭС қурилиши бошланганининг аҳамиятини қайд этди

Пайшанба куни Шавкат Мирзиёев Самарқандда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Давлат раҳбарлари мамлакат ва бутун минтақа манфаатларига жавоб берувчи лойиҳа — Яван ГЭСни барпо этиш бўйича ишлар бошлангани муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Маҳаллий янгиликлар

Ноқонуний таксичилар провакация уюштиришмоқда — Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропортида расмий такси ишга туширилгач, ноқонуний таксичилар бир неча провокация уюштиришди. Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева ноқонуний таксилар йўловчилар учун таҳдид эканини таъкидлади. Унинг тан олишича, «бомбил»лар бир кунлик масала эмас ва у ёлғиз ҳал қилинмайди.

7 дона итолғи қушлари ёввойи табиатга қўйиб юборилди

Давлат экология қўмитаси, Зоология институти ходимлари ва Tugan Falconry Club жамияти вакиллари аввалроқ ноқонуний сотилишидан сақлаб қолинган 7 дона итолғи (Falco cherrug) қушларини ёввойи табиатга қўйиб юборди.

Иссиқхоналар учун бериладиган кредит муддати 7 йилдан 13 йилгача узайтирилади

Ўзбекистонда иссиқхона ташкил этиш учун бериладиган кредитлар муддати 5−7 йилдан 10−13 йилгача узайтирилади. Қолаверса, табиий газ истеъмоли учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Вазирлар Маҳкамасига тегишли ҳужжат лойиҳасини октябрь ойигача ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

«Рағбатлантиришда ўзига хос ёндашув». Алишер Қодиров тилла нишон бўйича изоҳ берди

Тармоқларда «Миллий тикланиш» партияси 585 пробали соф олтиндан ясалган кўкрак нишони ясатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Партия раиси Алишер Қодировнинг изоҳ беришича, тилла нишон маҳаллий депутатларни рағбатлантиришда ўзига хос ёндашув. Нишон 2 млн сўмга ҳомийлик маблағи ҳисобидан ясатилган.

Ўзбекистонда тўлов ташкилотлари сони 46 тага етди

Марказий банк бошқарувининг қарорига мувофиқ, «BEELAB» МЧЖга тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилди.

Тижорат банклари 15 сентябрь учун белгиланган доллар курсини эълон қилди

Марказий банк 15 сентябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 14,91 сўмга пастлаб 10 925,14 сўм этиб белгилади. Шундан сўнг тижорат банклари долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича янги қийматини эълон қилди.

Тадбиркорларга кафиллик бериш имкониятлари икки бараварга оширилади

Ўзбекистонда тадбиркорларга кредит олиш учун давлат томонидан кафиллик бериш имконияти оширилади. Шунингдек, кредит тўлови учун гаров таъминоти шартлари хам ўзгаради. Бу бўйича регулятор ва тегишли вазирликлар октябргача режа хужжатларини тақдим этиши керак.

Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ва унинг Бухоро филиали ташкил этилди.

Банклар норезидентлар учун ҳисобрақам очишни қийинлаштира бошлади

Ўзбекистондаги айрим банклар норезидентлар учун ҳисобрақам очиш бўйича янги талабларни жорий қилди. Энди ҳисобрақам очиш учун улардан 15 кун ичида доимий равишда мамлакат ҳудудида бўлиши, талаба мақомини тасдиқловчи ёки расмий ишга жойлашганлик тўғрисидаги ҳужжатни тақдим этиши талаб этилади.

Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаш қоидалари тасдиқланди

Адлия вазирлиги фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжатлар «Ягона дарча» портали орқали юборилади. Тегишли орган 2 кунда жойига чиққан ҳолда намуналарни идентификация қилади ва ҳужжатларни текширувда иштирок этмаган холис ходимга топширади.

Андижонда 4 баллик зилзила содир бўлди

Андижонда 4 баллик зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри сифатида Избоскан тумани қайд этилди.

Тошкентда 100 млрд сўмдан ортиқ тендерлар ноқонуний ўтказилгани аниқланди

Тошкент шаҳрида 107,12 млрд сўмлик тендер савдолари ноқонуний ўтказилгани аниқланди. Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган ташкилотлар орасида Олмазор туман ҳокимлиги, «Ўзбекистон темир йўллари», «Uzbekistan Airways Technics», Кўзи ожизлар мактаб-интернати ва бошқалар бор.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Миллионлаб эман экишим мумкин». Одамлар нима учун эман ёнғоқчаларини йиғишади?

Ҳар йил август ойи ўрталарида эман ўсган яшил ҳудуд ва кўчаларда ушбу дарахт ёнғоқчаларини тераётган одамларга кўзимиз тушади. Бир кунда бир киши ёнғоқчалардан бир неча қоп териши мумкин. «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам одамлар нима учун бу ёнғоқчаларни йиғиши ва уни нима қилишлари билан қизиқди.