Қирғизистон раҳбари 14−17 сентябрда тожик-қирғиз черагасида юз берган тўқнашувлар юзасидан ўз халқига мурожаат қилди.

Президент тўқнашувлар вақтида аҳолини фақатгина расмий идоралар тақдим этган маълумотларга таянишга, ёлғон ахборотларга ишонмасликка чақирди.

«Давлатимиз чегаралари билан боғлиқ баҳсли масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси билан чегарадаги барча ҳудудлар тартибга солинган, уларни расмий ҳужжатлаштиришгина қолди. Бугунги кунда фақат Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудлар аниқлаштирилмаган ва муаммони келтириб чиқармоқда. Биз қирғиз-тожик чегарасидаги келишмовчиликларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилишда давом этамиз» — дейилади мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашувлар узоқ вақтдан буён давом этиб келмоқда. Охирги юз берган можароларда томонлар яна бир-бирини ўт очишни тўхтатиш талабини бузганлик, ҳудудларни ўққа тутиш ҳамда провокацияларда айблади. Томонлар 17 сентябрь кун охирига келиб отишмани тўхтатишга келишиб олди.

Шунингдек, қуролли тўқнашув натижасида жами 84 киши ҳалок бўлган. Қирғизистон томони 46 киши ҳалок бўлгани ва 140 киши яралангани тўғрисида, Тожикистон эса 36 нафар қурбон ва 20 киши яраланганини расман маълум қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров фармони билан 19 сентябрни республикада умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.