Ушбу ҳафтада Facebook ижтимоий тармоғидаги «Потребитель.уз» гуруҳи Тошкентда мактаб ўқувчиларининг ташқи кўриниши, жумладан соч ва соқоллари учун ота-оналар жаримага тортилаётгани ҳақидаги пост эълон қилинди эълон қилинди.
Пост муаллифи ота-оналар фарзандининг сочи туфайли туман профилактика инспектори эълон қилганидек 300 минг эмас, балки 1,5 млн сўмдан жаримага тортилганини таъкидлаган.
Яна бир фойдаланувчи 107-мактабда соқол қўйган ўқувчининг ота-онаси жаримага тортилганини маълум қилди.
Тошкент ИИБ ушбу маълумотни рад этди: «[Таърифланган] вазият ҳақиқатдан йироқ, ота-оналар мактаб ўқувчиларининг ташқи кўриниши учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди».
Бошқарманинг таъкидланишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.
«Газета.uz»нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги вазиятдан хабардор манбасининг айтишича, ўқувчи мактабга тақиқланган буюм олиб келган. «Унга танбеҳ беришганида, у директор билан тортишишни бошлади. Ота-оналар чақирилган. Уларга ташқи кўриниши учун эмас, балки МЖТК 47-моддаси бўйича жарима солинган», — деди манба.
Таҳририят изоҳ учун пост муаллифи билан боғланди, бироқ ҳозирча жавоб олгани йўқ.
Сентябрь ойи бошида Тошкентдаги 142-мактабда ўқувчиларга соч турмаги учун ИИО ходимлари иштирокида танбеҳ берилган эди. Қонунчиликка кўра, ўғил болаларнинг сочи 2−3 см узунликда бўлиши керак, ички ишлар бўлими мактаб ўқувчилари билан профилактик суҳбат ўтказгани, бирида қайчи топилганини маълум қилди.