27 сентябрь куни президент «Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига мос ҳолда бошқариш» лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 381-сонли қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Norma ахборот портали ёзмоқда.
24 июнда Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан лойиҳа учун 25 йил муддатга, шу жумладан, 5 йиллик имтиёзли давр билан 150 млн АҚШ доллари миқдорида қарз ажратиш бўйича битим имзолади.
Қарор билан «Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига мос ҳолда бошқариш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек, «Жондор» ва «Боботоғ» сублойиҳаси тасиқланди. Шунингдек, мазкур лойиҳа учун Осиё тараққиёт банкидан жалб этиладиган қарз бўйича асосий қарзни қайтариш ва фоизлар тўлашнинг прогноз жадвали белгиланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 194,9 млн АҚШ долларга тенг. Ўзбекистоннинг ҳиссаси $40,2 млн эквивалентида, шундан $26,6 млн республика бюджети ҳисобидан ҚҚСни қоплаб бериш ва божхона божидан озод этиш шаклида ажратилади.
Осиё тараққиёт жамғармаси 3 млн АҚШ доллари, Осиё тараққиёт банкининг Юқори технологиялар жамғармаси эса 0,3 млн АҚШ доллари йўналтиради. Фермер хўжаликлари улуши 1,38 млн АҚШ долларини ташкил қилади.
7 йилга мўлжалланган лойиҳани амалга оширишда «вақтинча олиб кириш» божхона режимига расмийлаштирилган махсус техникалар, механизмлар ва технологик ускуналар божхона божлари ва солиқ тўловларидан шартли озод этилади.
Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида амалга оширилади.
Бунда Сув хўжалиги вазирлиги масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Вазирлик лойиҳани амалга оширади, қарз ва грант маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш, шунингдек, барча мақсадли кўрсаткичларига эришилишини таъминлайди. Лойиҳани бошқариш ва мувофиқлаштириш функциялари вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш марказига юкланади.
Осиё тараққиёт банкининг қарзини сўндириш, шунингдек, фоиз, қарз бўйича комиссия ва бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон бюджетидан тўланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 27 сентябрдан кучга кирди.