«Замин» фондининг «Бухоро вилоятидаги умумтаълим мактабларини сув таъминоти, канализация ва гигиена» лойиҳаси доирасида вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминланган мактаблар сони 16 тага етди, деб хабар берди фонд матбуот хизмати.
Лойиҳа беш туман — Ғиждувон, Пешкун, Шофиркон, Рамитан ва Жондор мактабларини қамраб олди.
Бир неча ой ичида ишчилар мактаб ҳудудида геологик хусусиятларга қараб чуқурлиги 120 метрдан 200 метргача бўлган қудуқларни бурғулашди. Баъзида ер қулаб тушди ва янгисини бурғулаш керак бўлди, дейилади хабарда.
Шундан сўнг, улар ичимлик суви стандартларига мувофиқ филтрлаш ва сувни тузсизлантириш тизимларини ўрнатди. Шунингдек, мактабларга канализация тизими ҳам ўрнатилди, ҳожатхона ва душ хоналари қурилди.
«Газета.uz» тўрт тумандаги мактаблар билан боғланиб, авваллари сув билан боғлиқ қандай қийинчиликлар бўлгани, ҳозир эса вазият қандай экани билан қизиқди.
«Тахминан 20 йил давомида мактабдан қарийб 20 км узоқликда машинада сув ташидик. Бу доим ҳам етмас эди, чунки мактабда 920 ўқувчи бор — ҳамма учун этарли бўлмасди. Болалар уйдан сув олиб келишарди, ўқитувчилар сотиб олишарди. Ҳозир эса сув етарли, ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳаммаси жойида» — дейди Ғиждувон шаҳридаги 2-мактаб директори Дилобар Ярашева.
Пешкун туманида сув йўқлиги сабабли мактаб ошхонасида овқат ҳам пиширилмаган. Энди эса сув бор, ошхона ҳам иш бошлади.
«Мактабимизда 540 дан ортиқ ўқувчи бор, бироқ сув етишмасди, узоқдан машинада олиб келинарди. Ҳозир болалар, ўқитувчилар хурсанд, сув бор, ошхона ҳам очиқ», — дейди 32-мактаб директори Эркин Хўжаев.
Тоза ичимлик сувидан нафақат мактаблар, балки улар жойлашган аҳоли пунктлари аҳолиси ҳам фойдаланади. Хусусан, Шофиркон туманида 3 мингдан ортиқ аҳоли сув билан таъминланди.
«Сувни доим автомашиналарда олиб келиб, систерналарда сақлашган. Нафақат мактабда, балки туман аҳолиси учун ҳам муаммо бўлган. Ҳозир мактабдаги 310 нафар ўқувчи ва аҳолининг барчаси ичимлик суви билан таъминланди», — дейди Шофиркон туманидаги 30-мактаб директори Ботир Шарипов.
Шунингдек, Жондор туманидаги мактабда 700 нафар ўқувчи таҳсил олади.
«10 км масофада тинимсиз машинада сув ташилган, болалар сув етишмаслигидан шикоят қилган. Энди мактабимизнинг барча ўқувчилари сувни тўйиб-тўйиб ичишади», — дейди Жондор шаҳридаги 21-мактаб директори Амал Аҳмедов.
Мактабларда сув таъминоти ва тозалаш тизимларидан ташқари канализация тизимига филтрлар ўрнатилди. Ҳожатхона ва душдаги сувлар филтрдан ўтиб, мактаб яқинидаги гуллар ва ўсимликларни суғориш учун йўналтирилади.
Лойиҳанинг кейинги босқичида Бухоро вилоятидаги яна 15 та мактабни тоза ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилган.