1 октябрь куни кечқурун «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 293 километрида Cobalt машинаси тракторга урилиши оқибатида 2 киши вафот этди. Бу ҳақда Наманган ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

Cobalt ҳайдовчиси Тошкент-водий йўналишида кетаётган вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, ўзидан олдинда бўлган МТЗ-80 русумли трактор тиркамасига бориб урилган. Оқибатда «Cobalt» ичида бўлган 2 нафар йўловчи оғир жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган.

Автомашина ҳайдовчиси ва яна икки нафар йўловчи шифохонага ётқизилган. Мазкур ҳолат бўйича Поп туман ИИБ ТБ терговга қадар суриштирув олиб боряпти.

Айни вақтда Наманган вилояти миқёсида ЙҲХБ масъуллари трактор ҳайдовчилари ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориб, тунги вақтда ёритиш чироқлари ва нур қайтаргичлар соз ҳолда ҳаракатланиш бўйича қатъий назорат қилмоқда, дейилади хабарда