Вазирлар Маҳкамасининг 3 октябрдаги [558-сон] қарори билан ягона мактаб формасини жорий этиш талаби расман бекор қилинди. Ҳужжат нусхаси «Газета.uz»да мавжуд.

«Ўқувчилар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида улар учун тасдиқланган шакллардаги ягона мактаб формасини кийишга мажбур эмас», — дейилади ҳужжатда.

Август ойида халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов жорий ўқув йилидан ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслиги ҳақидаги баёноти тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилганди.

Ўзбекистон ҳукуматининг ягона мажбурий мактаб формасини жорий этиш режаси беш йилдан буён кенг жамоатчилик норозиликлари туфайли амалга ошмай келмоқда. 2018 йилдаёқ ҳукумат тасдиқланган мактаб формаси 2022 йилнинг май ойига келиб яна долзарб масалалар қаторига кўтарилди.

19 май куни ҳукумат 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этишга қарор қилди. Бироқ жамоатчилик яна эътироз билдира бошлади, воқеалар ривожида халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов баёнот билан чиқиб, янги ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мослашув жараёни учун маълум вақт кераклигини инобатга олиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ягона мажбурий формани киритиш таклифини илк бор 2017 йилнинг августида президент Шавкат Мирзиёев илгари сурганди. Давлат раҳбари ўқувчиларнинг бир-бирининг кийимига қараб баҳо бериши ва натижада можаролар вужудга келишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаганди. Бироқ, ВМнинг тегишли қарори жамоатчилик томонидан жуда совуқ қабул қилинди. Вақт ўтиб, ўқувчилар учун ягона мажбурий формани 2019−2020 ўқув йилидан жорий этиш режалаштирилди, унинг намуналари 2018 йилдаёқ ҳукумат томонидан тасдиқланганди.

2019 йилнинг май ойида эса президентнинг қизи, ўша вақтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева мажбурий ягона мактаб формасини жорий этишдан аввал мактаблардаги камчиликларни бартараф этиш лозимлигини айтганди. Ўша йилнинг июнида Вазирлар Маҳкамаси ягона формани жорий этиш муддатини 2024−2025 ўқув йилигача қолдирганди. Ўша вақтга келиб, кўплаб мактаблар шакл намуналарини тасдиқлашга муваффақ бўлишди ва ота-оналар уни сотиб олишди. Норозиликлар ортидан мактабларда болаларга ўзларида мавжуд бўлган формани кийишга имкон беришди. 2019 йилнинг 11 июнига келиб эса ўша вақтда халқ таълими вазири (ҳозирда АКТ вазири) Шерзод Шерматов янги ўқув йилида кутилганидек мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини маълум қилганди. ХТВ умумтаълим мактаблари орқали ягона мактаб формаси савдосини ташкил этиш тақиқланганлигини эслатиб қўйганди.