Тошкентдаги касалхонада уч эркак ва бир аёл спиртли ичимликдан заҳарланиб вафот этди. Бир киши комада қолмоқда. Бу ҳақда Daryo хабар берди, маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов ҳам тасдиқлади.

Daryo маълумотларига кўра, 8 октябрь куни пойтахт туманларининг бирида яшовчи 36 ёшли эркак соғлиғидан шикоят қилиб, шифохонага ётқизилган. У спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида шифохонада вафот этган.

Бундан ташқари, 9 октябрь куни айнан шу туманда яшовчи икки нафар эркак ва бир аёл ҳам спиртли ичимликдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилган. 44 ва 65 ёшли эркак, шунингдек, 56 ёшли аёл спиртли ичимлик истеъмол қилиб, соғлиги ёмонлашгани сабаб шифохонага олиб келинган ва кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан вафот этган.

Шифохонага кеча, 9 октябрь куни заҳарланиши сабаб олиб келинган 33 ёшли эркак айни пайтда комада қолмоқда.

Бу бўйича Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.