«Бошқа муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда» — Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев Остонада Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида нутқ сўзлади. Унда президент янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганини айтди. Афғонистон масаласи ҳам иккинчи даражага тушиб қолганини таъкидлади.
Зўравонлик учун жазо кучайтирилади, қонунларга эса ўзгартишлар киритилади — Танзила Нарбаева
Сенат раиси зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш учун қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжатлар пакети тайёрлангани ва яқинда президентга ахборот берилишини маълум қилди. «Жамоатчилик вакиллари „Ҳамма жим ўтирибди“, деган фикрда бўлмаслиги керак», — дея таъкидлади Танзила Нарбаева.
Тошкент аэропортидан ҳайвонот боғига жўнатилган 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлди
Августь охирида халқаро аэропортда ноқонуний олиб ўтилгани сабаб 57 дона тимсоҳ болалари ва 10 дона буқаламун ҳайвонот боғига вақтинча топширилди. Ҳозирда улардан 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлди. Божхона органлари ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди.
Самарқандда аёлга тегажоғлик қилган «мулла» 10 суткага қамалди
Каттақўрғон туманида «ўқиб қўйиш» учун чақирилган «мулла» хонадондаги аёлга тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан туман судида ўтказилган мажлисда мулла 10 суткага қамалди. У аввал ҳам ичкилик ичиб, жамоат жойида тартиб бузгани учун жаримага тортилган.
Ўзбекистон делегацияси МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида иштирок этди
12 октябрь куни Остонада Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида иштирок этди. Музокаралар давомида «Ҳамдўстлик спорт пойтахтлари» давлатлараро дастури қабул қилинди. Кейинги йиғилиш 2023 йил 14 апрелда Тошкент шаҳрида ўтказилиши белгиланди.
Ўзбекистон аҳолиси сони 2030 йилда 41 млндан ошади — ПМТИ
ПМТИ демографик ҳисобот ва прогнозларни эълон қилди. Ўзбекистонда охирги 5 йилда туғилишнинг кескин ўсиши кузатилган. Бунга сабаблар сифатида аҳоли даромадларининг ошиши, кўп фарзандлилик тенденциясига ижобий қарашларнинг шаклланиши ва тиббий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги кўрсатилган.
Ногиронлиги бор шахсларни ишга олганларга субсидия бериш хизмати йўлга қўйилди
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган корхона эгаларига субсидия бериш имконияти яратилди. Бунда иш берувчилар ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ой БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида субсидия олиши мумкун.
Халқаро қидирувдаги икки киши Польшадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
Интерпол ходимлари оғир жиноятларни содир этган халқаро қидирувдаги икки кишини Польшадан Ўзбекистонга экстрадиция қилди. Улардан бири гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят қилган, бошқаси эса молиявий пирамида билан фуқароларни алдаган.
Ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатувчи «Имкониятлар маркази» ташкил этилади
2022 йил давомида тажриба тариқасида Нукус ва Тошкент шаҳарларида ҳамда 2023 йилдан бошлаб қолган ҳудудларда «Имкониятлар маркази» фаолияти ташкил этилади. Улар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади ва касб-ҳунарга ўқитишга кўмаклашади.
Аҳоли томонидан сезилган инфляция кетма-кет бешинчи ой пасайишни қайд этди
МБ ҳисоботига кўра, сентябрь ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция динамикаси пасайиб, 14,8 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар бўйича юқори кўрсаткичлар Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, паст кўрсаткичлар Навоий, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилди.
Ўзбекистон ва Эрон ўртасида соддалаштирилган виза режими жорий этилди
13 октябрдан Ўзбекистон ва Эрон ўртасида ишбилармон ва илмий доиралар, шунингдек, сайёҳлик гуруҳлари учун соддалаштирилган виза тартиби жорий этилди.
WizzAir Abu Dhabi авиакомпанияси Абу-Дабидан Самарқандга парвозларни йўлга қўяди
БААнинг WizzAir Abu Dhabi лоукостер авиакомпанияси 13 декабрдан Самарқандга парвозларни амалга оширади. Чипталар нархи 40 доллардан бошланади. Компания веб-сайтида дастлабки рейсларнинг нархи 90 доллар эканлиги кўрсатилган.
Тошкентда «Тез ёрдам» хизмати ходими калтакланди
Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида хизмат вазифасини ўтаётган «Тез ёрдам» ходими калтаклангани айтилмоқда. ССВ шифокорларнинг ҳозирги аҳволи ҳақида маълумот бериб, ҳолатни ўз назоратига олганини қайд этди. БП терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Фарғонада 1 гектар ерни $16 минг эвазига сотишда гумон қилинган шахс ушланди
Фарғона туманида фуқаро 1 гектар захирадаги ерни ўзиники эканини айтиб, уни $16 000 эвазига сотмоқчи бўлганида ушланди. Шунингдек, Наманган ва Тошкент вилоятидаги ҳолатларда жами 25 сотих ерни $11 500 эвазига сотишда гумон қилинган шахслар қўлга олинди.
Бухоро аэропортини ДХШ асосида бошқариш имконияти кўриб чиқилмоқда
Транспорт вазирлиги ва Uzbekistan Airports вакилларининг Malaysia Airports Holdings Berhad (MAHB) компанияси билан бўлиб ўтган учрашувида Бухоро аэропортини модернизация қилиш ва давлат-хусусий шериклик асосида бошқариш учун тадбиркорларни жалб қилиш механизмлари муҳокама қилинди.
2025 йилгача хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларга импорт божи бекор қилинди
Президент қарори билан 2025 йилнинг 1 январига қадар 21 турдаги хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар импорт божидан озод қилинди. Шунингдек, «божхона ҳудудида қайта ишлаш» режими доирасида барча ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловлари тўланишини таъминлаш талаби бекор қилинди.
Ўзбекистон ҳарбийлари «Кембрия патрули» мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади
Буюк Британияда ўтказилган «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида Ўзбекистон ҳарбийлари иккинчи ўринни эгаллади. Беллашув шартлари орасида ҳудудни разведка қилиш, тоғ дарёси ва миналанган майдонлардан ўтиш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби топшириқлар бўлди.
Қибрайда коттеж учун пул тўлаган 108 та хонадон эгалари президентга мурожаат қилди
Қибрай туманида қурилиши режалаштирилган коттежларга олдиндан пул тўлаган 108 та хонадон эгалари президентга мурожаат йўллади. Фуқаролар ноябрь-декабрь ойларида топширилиши режа қилинган коттежлар ҳали ҳам курилмагани ва тўланган пуллар фақатгина қисман қайтариб берилишидан норози.
«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:
Талаба ва ижара уйи: ҳақиқий манзара, сарсон-саргардонлик, ижарадор талаби ва туганмас ташвишлар
Нон шаҳри — пойтахтда нега талабага бошпана топилиши қийин? Нима учун уй эгалари ижарачи сифатида талабаларни танламайди? Эълонларда «Талабалар безовта қилмасин, фақат оилага берилади» деб ёзилишига сабаб нима? «Газета.uz» ҳар икки томон билан суҳбатлашиб, муаммога ечим топишга ҳаракат қилиб кўрди.
Йигирма йилдан бери шу гап! Шу манзара…
21 октябрь… Тилимизни улуғлаб маъруза ўқидим, унинг қадим ва бойлиги, дунёдаги бошқа ҳеч бир тилдан қолишмаслигини далиллашга уриндим. Гўё буни билиб олишса, иш пишадию одамлар тил қадрини ўз жойига қўядигандек. Йигирма йилдан бери шу гап! Шу манзара, деб ёзганди Зуҳриддин Исомиддинов 2015 йилда.